Таълим ва илм бир-бирига тўсқинлик қилмаслиги керак

Юртимизда таълим соҳасини модернизация қилиш, илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият бериляпти. Шунга қарамасдан, амалиётда бир қатор муаммолар ва ечим талаб қилувчи масалалар сақланиб қолмоқда.
Илмий салоҳият ва таълим сифати ўртасида номутаносиблик
Профессор-ўқитувчилар зиммасига дарс бериш, илмий мақолалар ёзиш, тадқиқот олиб бориш, турли ҳисоботларни тайёрлаш, маънавий-маърифий йўналишда маърузалар ўқиш, маҳалла фаоллари ва уюшмаган ёшлар билан ишларни ташкил этиш каби кўплаб вазифалар юкланмоқда. Бундай кўп қиррали юклама таълим сифати ва илмий натижадорликка салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, профессор-ўқитувчилардан бир вақтнинг ўзида юқори сифатли дарс ва илмий фаолликнинг талаб этилиши, вақт ва ресурслар етарли эмаслиги туфайли ҳар икки соҳага бирдек ёндашиш имконини чекламоқда. Илмий даражага эга кадрлар сони ортиб бораётган бўлса-да, уларнинг таълим жараёнидаги самарадорлиги бир хил даражада эмаслиги кузатилмоқда.
Илмий тадқиқотлар кўп ҳолларда ўқув фанлари ва амалий таълимдан узоқлашиб кетгани сабабли педагогик маҳорат тизимли, холис баҳоланмаяпти. Шу билан бирга, илмий ва таълимий фаолиятни бир шахс зиммасига юклаб, ундан юқори самара кутиш амалиёти профессор-ўқитувчилар юкламасини кескин оширмоқда. Бу ҳолат таълим сифати ҳамда илмий самарадорликка салбий таъсир кўрсатяпти.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасида таълим ва илмий фаолият
Германия, АҚШ, Канада, Жанубий Корея ва Малайзияда бу соҳада самарали тизим шаклланган. Улардаги университетлар фаолиятида икки турдаги махсус штатлар мавжуд: таълим штатлари асосан дарс бериш, ўқув-методик материаллар тайёрлаш ва талабалар билан таълимий дастурларни амалга оширишга ихтисослашган. Илмий штатлар эса мақолалар ёзиш, диссертациялар тайёрлаш, грантлар ва патентлар устида ишлаш, лаборатория тадқиқотлари ҳамда илмий раҳбарлик каби вазифаларни бажаради. Таълим ва илмий фаолиятнинг самарадорлигини ошириш мақсадида кўплаб хориж мамлакатларида профессор-ўқитувчиларнинг вазифалари ихтисослаштирилган шаклда ташкил этилади.
Германия университетларида икки йўналишли таълимга ихтисослашган профессор ва илмий тадқиқотчи профессор лавозимлари алоҳида ажратилган. Улар учун дарс юкламаси юқори бўлиб, ундан илмий нашр фаоллиги камроқ талаб қилинади. Илмий тадқиқотчи профессор эса дарсдан тўлиқ озод қилинган ёки ҳафтасига 2–4 соатгина ўқув машғулотларини олиб боради. Унинг асосий вазифаси мақола ёзиш, илмий грантлар устида ишлаш ва тадқиқот гуруҳларини бошқаришдир. Бундай ихтисослашув натижасида таълим ва илм бир-бирига тўсқинлик қилмайди, ҳар бир профессор ўз вазифасини самарали амалга оширади.
Жанубий Кореяда фақат илмга ихтисослашган штатлар жорий қилинган. Бу лавозимдаги ходимлар умуман дарс ўтмайди, улар тўлиқ давлат ва хусусий сектордаги илмий лойиҳаларда иштирок этади. Уларнинг фаолияти Scopus мақолалар, патентлар ва грант натижалари асосида баҳоланади. Илмий маҳсулотлар тижоратлаштирилиб, инновация ва технология шаклида экспорт қилинади. Бу тизим университетларнинг халқаро рейтингда юқори ўринларни эгаллашини таъминлайди.
Туркия – YÖK модели (юқори таълим кенгаши). Туркия университетларида профессор-ўқитувчиларнинг дарс юкламаси ва илмий фаоллиги алоҳида баҳоланади. Илмий фаоллик YÖK томонидан белгилаб берилган балл тизими асосида ҳисобланади. Илмий юкламани тўлиқ бажарган профессор-ўқитувчилар таълим юкламасидан озод қилинади ва аксинча. Бундай тизим профессорларнинг ихтисослашувига ва функционал аниқликка асосланади. Давлат томонидан молиявий рағбатлантириш воситалари ҳам жорий этилган.
Ушбу мамлакатлар олий таълим тизимидаги илмий салоҳият, профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражаси, тадқиқот имкониятлари ва илмий фаоллиги ҳам таълим сифати, ҳам илмий тадқиқот самарадорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу икки жиҳат ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, улардан бирини иккинчисидан устун қўйиш нотўғри ва самарасиз ёндашув ҳисобланади.
Илмий салоҳият таълим сифатига бевосита таъсир қилувчи муҳим омиллардан бири бўлиб, илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар талабаларга, янгиланган ва тадқиқотга асосланган билим бериш имкониятига эга бўлади. Бунда устозлар ўқув жараёнида талабаларга тадқиқот руҳини сингдириб, уларда мустақил фикрлаш, танқидий таҳлил қилиш ва илмий изланишга қизиқиш каби қобилиятларни ривожлантиради. Натижада таълим дастурлари илмий жиҳатдан асосланган, замонавий тенденциялар билан уйғунлашган, меҳнат бозори эҳтиёжларига мослашган бўлади. Илмий салоҳият юқори бўлган олий таълим муассасаларида янги билимлар, технологиялар ва инновациялар яратилади. Илмий лойиҳалар, грантлар ва халқаро ҳамкорлик имкониятларининг кенгайиши эса нафақат университетнинг салоҳиятини оширади, балки мамлакатнинг интеллектуал ва инновацион ривожига ҳисса қўшади.
Биздаги муаммоларга ечим борми?
Ўзбекистон олий таълим тизимидаги энг катта муаммолардан бири таълимга бўлган талабнинг юқорилиги. Илм ҳам, таълим ҳам профессор-ўқитувчи елкасига юкланган. Бу оғирликни енгиллаштириш, таълим ва илмий фаолиятни сифат жиҳатдан яхшилашга замонавий ва инсонпарвар ёндашув зарур. Бунинг учун ҳеч кимни камситмасдан, ҳеч кимдан ортиқ нарса талаб қилмасдан, балки ихтисослашув ва танлов эркинлигини таъминлаш асосий мезон бўлиши керак. Шу боис илмий тадқиқотчи-ўқитувчи лавозимини жорий этиш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш лозим. Бу янги лавозим таълим ва илмий фаолият ўртасидаги мувозанатни таъминлайди.
Ихтисослашган штатлар тизимини жорий этишда амалий ёндашувлар зарур. Бунинг учун олий таълим муассасаларида алоҳида янги тузилма яратиш шарт эмас. Аксинча, мавжуд бўлган бўлим ва бошқармаларнинг фаолиятига мақсадли қўшимча вазифалар юклаш орқали бу жараённи амалга ошириш мумкин. Жумладан, ўқув-услубий бошқармалар таълим штатлари билан ишлашга масъул бўлиши лозим. Улар қуйидаги вазифаларни бажаради: таълим штатидаги профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини шакллантиради, юклама тақсимоти ва амалда бажарилишини назорат қилади, методик таъминот мониторингини амалга оширади, фан дастурлари, ўқув қўлланмалар, дарсликлар ҳолати, дарс сифати, дарс таҳлили ва талабалардан сўровнома олиш орқали таълим самарадорлигини баҳолайди, таълим сифатини таъминлаш бўйича барча фаолиятни мувофиқлаштиради. Яъни, таълим штатларида ишловчи профессор-ўқитувчилар фаолиятининг тўлиқ методик ва ташкилий назорати ушбу бошқарма зиммасига юкланади.
Таълим штатлари билан ишлашда ўқув-услубий бошқармалар масъул бўлгани каби илмий штатларни бошқариш, баҳолаш ва рағбатлантириш вазифаси илмий тадқиқот ва инновациялар бўлими зиммасига юклатилиши лозим. Ушбу бўлим илмий штатларни марказлашган тарзда илмий мақолалар ҳисоботи, хусусан, Scopus ва Web of Science мақолаларини мониторинг қилиш, ҳудудий, миллий ва халқаро илмий лойиҳаларни кузатиб бориш ва мувофиқлаштириш, илмий раҳбарлик базасини шакллантириш (DSc, PhD, магистр талабалар ва уларнинг илмий раҳбарлари рўйхати), илмий тадқиқот семинарлари, тақдимотлар ва ҳисоботлар ташкил этиш, илмий фаолиятни баҳолашда аниқ ҳужжатлар ва балл тизими асосида ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу тизимда илмий штатдаги профессор-ўқитувчиларнинг самарадорлиги илмий бўлим томонидан баҳоланади, натижалар эса тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.
Мазкур тизимнинг амалдаги ҳолатдан фарқи шундаки, профессор-ўқитувчилар ихтисослаштирилган фаолият йўналиши бўйича ишлайди. Ҳисобдорлик ва назорат ваколатлари таълим ва илмий бўлимлар ўртасида аниқ тақсимланади. Бу профессор-ўқитувчиларнинг қобилияти ва манфаатларига мос равишда таълим ёки илм соҳасида самарали фаолият юритиши учун имконият яратади.
Хуршид Саматов,
ТАТУ Самарқанд филиали доценти, фалсафа фанлари доктори.