Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим тизимидаги коррупция – бу саратон...

Коррупцияга боғлиқ бўлган ножўя хатти-ҳаракатлар, муаммолар у ёки бу даражада дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд. Бу иллат билан зиддиятли, кўп куч ва маблағ талаб этадиган курашни ташкил этишдан кўра, унинг олдини олиш, яъни профилактика ишлари муҳимроқ ва самаралироқ. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодиёт ҳаёт қай даражада коррупциялашгани ва бу давлатчиликка зарар етказиб, мамлакатнинг равнақига тўсиқ бўлаётганини доимо ёдда тутиш керак.

Таълим соҳасидаги коррупцион вазиятларга келсак, биринчидан, тизимда салбий кўринишлар тезда кўзга ташланмаслиги мумкин. Аммо у яқин ва узоқ келажакда миллатнинг интеллектуал салоҳиятини пасайтириб ҳамда ёшларнинг руҳиятига тўғридан-тўғри таъсир ўтказиши сабабли жамиятга жуда қимматга тушади.

Баъзан мансабдор шахслар зиёлиликни олимлик билан адаштиради ва тизимли хатоларга йўл қўйишади. Масалан, ОТМларининг рейтингини тузишда илмий мезонларга кўпроқ жой ажратилади ёки нашрий фаолликка формал баҳо беришга йўл қўйилади.

Замонавий Ўзбекистоннинг ривожланиш даражаси ҳамда демократик жамият шаклланиши учун жавобгарлик ишониб топширилган, ўсиб келаётган авлоднинг тарбиясига қизиқувчи, халқ хўжалиги соҳаларини рақобатбардош кадрлар билан таъминлашда жонбозлик кўрсатувчи барча касбдошларга мурожаат қилиб айтмоқчиманки, жасорат кўрсатиб, мажбуриятларга виждонан ёндашиш керак. Президент ҳамда Ҳукумат топшириқларини виждонан бажариб, қабул қилинган қарорлар учун жавобгарликни зиммангизга олинг!

Қайсидир соҳада жиноятчилик содир этилса, дунё тажрибасида бу соҳанинг энг юқори раҳбарияти истеъфога чиқарилади. Жамоатчилик хабардор этилиб, вазият назоратга олинади ва тартиб сақланади. Агар биз ривожланган, демократик ва очиқ жамият бўлишни хоҳласак, замонавий ахлоқ қоидаларини ўрганишимиз лозим.

Бош прокурор томонидан ўтказилган йиғилишнинг долзарблиги шундаки, прокуратура нафақат таълим соҳасидаги камчиликлар ва жиноятларни топиб, текшириб жазолайди, балки уларнинг олдини олади ҳам. Менимча, жиноий ишларнинг олдини олишга йўналтирилган профилактик чораларни кучайтириш зарур. Масалан, жиноий ҳаракатлар эпизодларини аниқлаш, кўрсатиш ва жазоларни ўташ масалалари таҳлил қилиниши, салбий ҳолатларнинг қонуний баҳоси очиқланиши ҳам керак.

Кўп йиллар мобайнида коррупцион тизимларнинг турли кўринишларига эътибор берилмай келинди. Бу эса ўз ўрнида таълим тизими хизматчиларига истаган ноқонуний ишларни қилишга имкон яратди. Айрим кишилар томонидан ҳалол ва ҳаққоний меҳнат қилишга бўлган талаб жиддий қабул қилинмаяпти. Улар Президентимиз томонидан мақсад қилинган замонавий жамият ривожининг ошкора ва қонунийлиги рад этишмоқда. Бундайлар билан бошқача ишлашга тўғри келади. Токи, уларнинг янгиланишларни тушуниб олишлари учун.

Жамиятнинг барқарор ривожланиши учун қонун доирасида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш лозим.

Бунинг учун,

- коррупцияни тубдан йўқотиш;

- порахўрликдан воз кечиш;

- ўқитувчи ва талаба ўртасидаги яширин пул йиғишларнинг ҳар қандай шаклларидан узоқлашиш;

- ОТМ талабларини бажариш ва таълим сифатини оширишни рейтинг ва ҳисобот учунгина бажармаслик ;

- ўқитувчиларнинг таълим бериши ҳар қандай турларга (маъруза, семинар, амалий машғулотлар ва бошқалар) ўтиш талабларига мос келиши;

- тайёргарликнинг барча йўналишлари бўйича замонавий адабиётлар билан тўлиқ таъминланиши;

- баъзи бир талабаларнинг ўқитувчиларни ноқонуний ишларга ундашига қарши йўналишлар бўйича профилактика ўтказиш;

- ОТМ моддий-техник базасини янгилаш (масалан, СамВМИда йўл харитаси бўйича Президент фармони бўлишига қарамасдан унинг бажарилиши рақобатбордош кадрлар тайёрлашда замонавий моддий-техник базани молиялаштириш камлиги туфайли оқсаяпти);

- таълим соҳасида текширувчилар кўп (баъзида текширувчиларнинг ўзлари турли салбий вазиятлар иштирокчисига айланиб қолаётгани).

Таъкидлаб ўтиш жоизки, замонавий Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши таълим ва илм соҳасидаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳукуматнинг барча жабҳалари кучларини бирлаштириш лозим. Жумладан, прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия ва бошқалар таълим тизимидаги коррупцияни ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва йўқотиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорлик қилишлари керак.

Бу муаммони ечмай туриб, на иқтисодда, на ижтимоий ривожлантиришда ҳеч қандай натижаларга эришиш мумкин эмас.

Худайназар ЮНУСОВ,

биология фанлари доктори, профессор, СамВМИ ректори.