Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Терма” нима?

Бахшилар куйлайдиган қизиқ-қизиқ термаларни кўп эшитганмиз. Бироқ “терма” сўзи, унинг маъноси ҳақида-чи?

Халқ бахшилари тингловчилар ўртасида йирик ҳажмдаги достонларнинг ижросини бошлашдан олдин ўзига хос тарзда машқ қилиб оладилар. Улар овозини чархлаш учун шеърий парчалардан тузилган қўшиқ айтади. Қўшиқларда бахшининг ҳаёти, турмушда рўй бераётган воқеалар, баъзан кулгили ҳодисалар, достонларнинг энг қизиқ ўрнидан лавҳалар ва бахшининг тингловчиларга мурожаати акс этади. Бундай ижроларнинг муддати чекланмаган бўлади. Баъзан қисқа, баъзан эса узоқ вақт давомида бахши “нима айтай?” мазмунидаги савол билан атрофидагиларнинг эътиборини ўзига тортади. Ана шу шеърий парчалар “терма” атамаси билан юритилади.

Термалар 10-12 сатрдан 150-200, баъзан ундан ҳам ортиқ мисраларгача бўлиши мумкин. Бахши мезбоннинг уни кутиб олиши, тингловчиларнинг дастлабки муомала ва муносабатларидан илҳомланиб, вазият тақозоси билан йўл-йўлакай терма тўқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин бахшининг ана шу термани айтаётиб, кейинги айтадиган достонининг режасини тузиб олаётганини ҳеч ким пайқамайди.

Термаларнинг энг кўп тарқалган тури бу “Нима айтай?” ҳисобланади. Лекин баъзан термаларда шоир ҳаётига оид жуда нозик лавҳалар ҳам муҳрланиб қолганига амин бўламиз. Профессор Ҳоди Зариф берган маълумотларга қараганда, Жуманбулбул ўғли Эргашни мактабдор Ўтамуроднинг қизи Зийнатойга уйлантирган. Аммо бахши яшайдиган ҳудуд анъанасига кўра, келин тўйдан кейин иккинчи тўй ўтгандан кейингина куёвникига келар экан. Афсуски, биринчи тўйдан кейин Жуманбулбул вафот этади. Эргашнинг эса кейинги тўйга маблағи етмайди. Чунки отасидан қолган арзимас бор-йўқ нарсаларни ҳам қарз эвазига олиб кетишади:

Бўлиб-бўлиб олиб кетди ҳақини,

Биз билмаймиз ҳақи бор ё йўғини,

Зоти ё олисми, бизга яқини,

Барига ҳақ бериб турган кунларим.

Хотин қолди отасининг уйида,

Мен билмайман не гаплар бор ўйида,

Кўп ваъдалар бўлган эди тўйида,

Уялиб, боролмай юрган кунларим.

Демак, термалар бахшилар ҳаётининг ўзига хос солномаси сифатида яратилади.

Шунингдек, термаларни достон ва ҳаётий воқеаларни бир-бирига боғловчи кўприк деб атасак ҳам хато бўлмайди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА.