Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожикистонда Ҳайит куни байрам дастурхонини текшириш учун рейд ўтказилади

Эртага, 5 июнь куни нишонланадиган Ҳайит байрамида Тожикистон Дин ишлари қўмитаси ходимлари мамлакат бўйлаб байрам дастурхони қандай тузалаётганини текшириш учун рейдлар ўтказади.

Улар турли хонадонларга қўққисдан кирадилар ва дастурхон қандай тузалганини текширадилар. Агар хонадон эгалари томонидан тузалган дастурхон белгиланган нормалардан ошиқ бўлса "исрофга йўл қўйилган" деб, ўша хонадон эгаларига 5000 сомони жарима солинади.

Белгиланган нормага кўра дастурхонда мевалар, миллий ширинлик ва пишириқлар, қуруқ мева ва овқат бўлишига рухсат бор, аммо уларнинг миқдори ошиб кетмаслиги ва исроф бўладиган даражада бўлмаслиги лозим.

Ушбу нормалар 2017 йилда қабул қилинган "Турли маъракалар ва анъаналарни ўтказиш ҳақидаги қонун"га мувофиқ тузилган. Ўшандан бери ҳар йили жойларда нафақат Ҳайит байрамларида, балки бошқа байрамларда ҳам, шунингдек турли маъракаларга ҳам Дин ишлари қўмитаси ходимлари рейдларга чиқишади ва аҳолининг байрамлар ва турли маъракаларда юқоридаги қонунга қанчалик амал қилаётганларини текширади. Қоидадан четга чиққанларга 5 минг сомони миқдорда жарима солинади.

Юқоридаги қонунга кўра, бугун Тожикистонда никоҳ базмига 150 одам айтилади. Наҳор ошга 200 та одам. Никоҳ маросимига бориш учун 4 та машинага рухсат бор. Шу қоидалардан четга чиққанлар жаримага тортилади.