Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тошкент шаҳар ИИББ: ҳеч кимнинг соқоли мажбурий олинмаган ва олинмайди ҳам

Маълум қиламизки, пойтахтда ҳар йили шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Шу билан бирга, ушбу тадбирлар давомида жамоат жойларига, масалан Сайилгоҳ кўчаси, боғлар ва хиёбонлар, кўнгилочар-савдо марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга алоҳида эътибор қаратилади. Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилади. Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган.

23-24 август кунлари Шайхонтоҳур туманидаги “Малика” савдо масканида бўлиб ўтган ҳодисага тўхталсак. Дарҳақиқат, у ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган. Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳануз рўй бериб туради ва ушбу савдо масканида расман ва норасман ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолишган. Суҳбатга таклиф этилганлар соқоли бор ёки йўқларга ажратилмаган, аммо таъкидлаш жоизки, соқоллилар у ерда кўпчиликни ташкил этади.

Алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган. Деярли барча ушбу илтимосни тўғри тушунди. Кўплар соқол қўйиб юриш улар учун муҳим эмаслигини, балки вақт йўқлиги, модага тақлид қилиш ва бошқа сабабларга кўра соқолларини олмаганларини маълум қилишди.

Шу билан бирга қатъий маълум қиламизки, юқоридаги ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қолаверса, бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўриндир.

"Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Жамоат тартибини сақлаш ва сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш осон иш эмас, аксинча, баъзида кўп қиррали, хатарли бўлиши мумкин. Кўплаб ҳолатлар нозик бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги, унинг шахсий ҳаёти масалаларига бориб тақалиши мумкин. Шу сабабли ички ишлар ходимлари олдиларига қонун (Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни, Жиноят-процессуал кодекс) доирасида иш тутиш вазифалари қўйилади. Фуқароларда ҳам ҳуқуқлардан ташқари Конституция ва қонунларга амал қилиш, ўзгалар ҳуқуқи, эркинлиги, шаънини ҳурмат қилиш (Ўзбекистон Конституцияси 48-модда), ички ишлар органи ходими томонидан ваколатидан келиб чиққан ҳолда қўйилган қонуний талабларини бажариш (“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси) мажбурияти мавжуд", - дейилган хабарда.