Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқлик ҳунарманд йигит дарахт илдизи, шохларидан санъат асари яратяпти

Тойлоқ туманининг “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи ёш ҳунарманд Шариф Файзиев қўл меҳнати асосида ёғочдан турли буюмлар ясайди. Ишни бошлаганига ҳали уч тўрт ой бўлганига қарамасдан, у тайёрлаган маҳсулотларнинг харидори кун сайин ортиб бормоқда.

Шариф ҳовлисидаги мўъжазгина устахонасида дарахт илдизидан, шохлари ва тахта қипиғидан ўзига хос санъат асари яратади. 27 ёшли ҳунарманд ясаётган маҳсулотларнинг тури бугун 20 га етди. 200 минг сўмдан 4 миллион сўмгача сотаётган маҳсулотлари эвазига оилавий даромади ҳам ошиб бораётир. Қўли гул ёш устанинг айтишича, битта кичик маҳсулотни тайёрлашга 4-5 соат, катталарига бир кун вақт кетади. У шунингдек, тош, қум, ва турли қоришмалар ёрдамида рўзғорбоп буюмлар ясаяпти.

–   Дурадгорликка болаликдан қизиқаман, – дейди Ш.Файзиев. – Ушбу касбни танлаб, кам бўлганим йўқ. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, ёғочдан стол, стул, гул туваклари, ошхона жиҳозлари, жавонлар ясайман. Туман марказидан ер олиб, банкнинг имтиёзли кредити асосида устахона очиш ниятим бор. Замонавий ускуна келтириб, 5-6 нафар тенгдошимни иш билан таъминламоқчиман.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.