Тўйхоналар Самарқанд шаҳридан кўра, Ургутда кўп
Халқимизда нима кўп, тўй-марака, маросим кўп. Бугунги кунда бундай тадбирларнинг деярли ҳеч бири ҳовли-жойларда ўтказилмаяпти.
Бундан ташқари, оилавий маросим ва тантаналарни дабдабали ўтказиш тобора авж олиб бормоқда. Шу боис Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палаталари қўшма қарор қабул қилиб, тўйхоналар эгаларига алоҳида масъулият юклади.
Умуман, тўйхоналар жойлашув ўрнига қараб, айланма маблағидан солиқ тўлайди. Яъни, амалдаги тартибга кўра, аҳоли сони 100 минг ва ундан кўп бўлган шаҳарлардаги тўйхоналар 8, бошқа аҳоли пунктларидаги тўйхоналар 6, бориш қийин бўлган ва тоғли туманлардаги тўйхоналар эса 4 фоиз даромад солиғи тўлайди.
Аслида умумий овқатланиш корхонаси ҳисобланувчи тўйхоналарнинг 232 таси вилоятимиз солиқ идораларида рўйхатдан ўтган. Вилоят давлат солиқ бошқармасидан олинган рўйхатга кўра, энг кўп - 32 та тўйхона Ургут туманида жойлашган бўлиб, бу Самарқанд шаҳридагидан ҳам иккитага кўп.
Бошқа ҳудудларда рўйхатга олинган тўйхоналар 20 тага ҳам етмайди. Масалан, Пайариқ, Паст Дарғом ва Каттақўрғон туманларида 16 тадан, Самарқанд, Оқдарё ва Нарпай туманларида 15 тадан ва Иштихон туманида 14 та тўйхона мавжуд.
Пахтачи ва Булунғур туманида 12 тадан, Тойлоқ туманида 11 та, Каттақўрғон шаҳрида 10 та тўйхона умумий овқатланиш корхонаси сифатида солиқ тўловчилар рўйхатига олинган. Вилоятда энг кам тўйхона Қўшработ туманида қайд этилган – 4 та, жомбойликларга эса 6 та, нурободликларга 8 та тўйхона хизмат кўрсатар экан.
Ёқубжон ГАДОЕВ тайёрлади.