Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Улфатлар”да қуртлаган гўштдан таом тайёрландими?

Кеча ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларда Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида қуртлаган гўштдан тайёрланган таом ҳақида хўрандалар томонидан тасвирга олинган видеоролик тарқалди.

Унда мазкур ҳолат Самарқанд шаҳридаги “Улфатлар” кафесида юз берганлигини қайд этилган.

Ҳақиқатан ҳам пиширилган гўшт қуртлаб кетганмиди? Аслида, нима бўлганди?

  – Бизда шу пайтгача хўррандаларимиз томонидан таомлар сифати бўйича эътироз билдирилмаган ва ушбу тасвирлар қачон, қаерда олингани номаълум, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Улфатлар” ресторани иш бошқарувчиси Ш.Эргашев. – Ходимларимизга ҳам бу борада мурожаат бўлмаган. Яна бир жиҳати ресторанимизда бундай таом кейинги 5-6 ойда тайёрланмаган, таомномада мавжуд эмас. Тайёрлаган пайтимизда ҳам фақат мижозларнинг буюртмаси асосида ўша вақтда, сифатли пишириб берилган. Ушбу ҳолатни ресторанимиз номига доғ тушириш учун қасддан қилинган деб ҳисоблаймиз ва бу ҳақда тегишли органларга мурожаат қилдик.

19 апрель куни Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан “Улфатлар” ресторанидаги ҳолат ўрганилди.

– Ўрганиш давомида ресторан масъулларига бу ерда тайёрланаётган таомлар ва озиқ-овқат сифати бўйича ҳеч қандай эътироз бўлмагани аниқланди, – дейди Самарқанд шаҳар ДСЭНМ санитария бўлими мудири Юнус Тошхўжаев. – Ресторан ошпазлари таом тайёрлаш жараёнида белгиланган тартибларга риоя этмоқда. Санитар тозалик билан боғлиқ камчиликлар бўйича ошхона мутасаддиларига зарур тавсияларни бердик.

Ўрганиш натижалари юзасидан Самарқанд вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази маълумотномасида қайд этилишича, ресторанда санитар тозалаш ишлари сифатли ўтказилмаганлиги, технологик ва совуткич ускуналари маҳсулот қолдиқларидан тўлиқ тозаланмаганлиги, иш анжомларининг ишлатилиши бўйича санитария қоида ва меъёр талабларида белгиланган тартибда маркеровкаланмаганлиги, ошхона анжомларини, хўррандалар идиш-товоқларини ювиш ва овқат тайёрлаш битта хонада ташкил этилгани аниқланди ва ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилган.

Ресторандаги озиқ-овқат хом ашё маҳсулотлари ва тайёрланган таомлар сифати ўрганиб чиқилганда органолептик сифати бузилган, ҳашаротлар ва зараркунандалар билан ифлосланган маҳсулотлар аниқланмаган. Шу билан бирга мавжуд хом-ашё ва тайёр маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичларини текшириш учун намуналар олинган.