Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси маҳсулотларини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон давлатларига экспорт қилмоқда

Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали ишлаши учун шароит яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги синовли кунларда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўз ўрнида яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ва энг асосийси дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш мақсадида бор куч-ғайратларини ишга солиб меҳнат қилишмоқда.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият бошлаган ана шундай йирик экспортёр корхоналардан бири “SAM ELEKTRO SERVIS” Ўзбекистон ва Туркия қўшма корхонаси электр духовка, газ ва электр плиталар ишлаб чиқармоқда.

“Ўзбек” миллий бренди остида юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ва жаҳон бозорига олиб чиқишга ихтисослашган мазкур корхона 2018 йилнинг декабрь ойида ишга тушган.

Корхона томонидан пандемия муносабати билан жорий этилган карантин давомида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт миқдорини ошириш юзасидан мукаммал ҳаракат дастури ишлаб чиқилган.

Корхона йилига 260 минг дона электрдуховка, 100 минг дона газ плита ва 100 минг дона дудбурон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шунингдек, корхона 15 хил турда электрдуховка, 10 хил турда газ плита, 5 хил турда дудбуронлар ишлаб чиқармоқда. Корхонада 200 га яқин ходим 2 сменада 24 соат давомида узлуксиз фаолият олиб бормоқда.

Маҳсулотларнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхона маҳсулотларини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилмоқда.

– Туркия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган замонавий ва юқори сифатли техник ускуналар ёрдамида ҳозирча газ плита ва электр духовкалар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Соҳиб Азимов. – Маҳсулотга талаб юқори. Жумладан, 2019 йил давомида 1 200 000 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилдик. 2020 йилда ҳам экспорт ҳажмини оширишга ва ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Пандемия шароитига қарамасдан жорий йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан 500 минг АҚШ долларга яқин маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Ўз ўрнида корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида “Самарқанд” ТИФ божхона постининг таркибидаги “Ургут” ЭИЗ пункти божхона ходимлари 24 соат давомида хизмат олиб бориб, импорт ва экспорт товарларини соддалаштирилган божхона расмийлаштирувидан ўтказиб келмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.