Гўшт ярмаркасида кунига 1,2 тоннагача арзон гўшт маҳсулотлари сотилмоқда

Самарқанд шаҳридаги "Сиёб деҳқон бозори"да аҳоли учун арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилмоқда.

Рамазон ойида аҳолига қулайлик ва шароитларни яратиш мақсадида бозор ҳудудида “MSA Fresh mert” МЧЖ томонидан арзонлаштирилган гўшт дўкони ташкил этилди. Янги дўконда 38 хил ассортиментдаги мол гўшти 55 - 78 минггача, қўй гўшти эса 85 – 87 минг сўмгача бўлган нархларда сотилмоқда.

- Ўн йилдан бери гўшт ва гўшт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман, - дейди “MSA Fresh mert” МЧЖ раҳбари Акрам Низомов. – Шу пайтгача Самарқанд шаҳрида иккинчи, мамлакат бўйлаб эса 100 та худди шундай гўшт дўкони ташкил этганмиз. Айни вақтда “Темирйўл деҳқон бозори”да ҳам дўконимиз фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, бозорнинг гўшт ярмаркасида тадбиркор А.Амруллоев томонидан товуқ гўшти сотишга мўлжалланган дўкон ўз фаолиятини бошлади. Бу ерда товуқ гўштининг бир килограми 30 минг сўмдан сотилмоқда. Товуқнинг қаноти, оёғи ва бошқа қисмлари алоҳида қилиб, арзон нархларда сотилаётгани харидорларга манзур бўлаётир.

Гўшт ярмаркасида кунига 1,2 тоннага яқин гўшт маҳсулотлари сотилмоқда.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.