Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент ваъда қилган кутубхона ишга тушди

Ургут туманида янги ахборот ресурс маркази мажмуаси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 мартда Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Ургут туманида замонавий кутубхона ташкил этиш масаласи таклифи берилганди. Ушбу ташаббус юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланди ва кутубхона қурилиши дастурга киритилиб, қисқа муддатда ишга тушди.

Мазкур кутубхонанинг очилишини туман аҳолиси катта шодиёна билан қарши олди. Маросимда туман ҳокими Маматжон Турдиев, фахрийлар, нуроний ва ёшлар қатнашди.

– Бу кутубхона нафақат ёшларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам севимли масканига айланишига ишонаман, – деди туман ҳокими М.Турдиев. – Сабаби туманимизда ўтириб китоб мутолаа қиладиган жой йўқлиги боис кўплар шу масалада менга мурожаат қиларди. Бугун мана шундай муаммога ечим топилди. Ўйлайманки, бу ер китобхонлар билан доим гавжум бўлади. Қолаверса, Президентимиз илгари сурган бешта ташаббус бўйича Ургут тумани учун тузилган “Йўл харитаси” ҳам мақсадли ишларимизни амалга ошишига хизмат қилади.          

“Қуйитегана қурувчи” хусусий корхонаси томонидан 3 миллиард 600 миллион сўмлик лойиҳа асосида Ургут истироҳат боғида бунёд этилган кутубхонада 20 га яқин мутолаа заллари ва 4 та муҳокама ва компьютер хоналари ўрин олган. Кутубхона айни пайтда 2000 дан ортиқ бадиий, ижтимоий-сиёсий ва турли хил эртак китоблардан иборат адабиётлар билан таъминланган. Шунингдек, маърифат масканида 50 та замонавий компьютер, тезкор WI-FI тармоғи йўлга қўйилган бўлиб, 2000 та адабиётларнинг электрон нусха шакллантирилган. Бино тўлиқ иситиш тизимига эга ва асосий ўқув хоналарига кондиционер ўрнатилган.

– Тўғриси, бундай кутубхоналарни телевизорда кўрсам ҳавасим келарди, – дейди 128-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Фарангиз Маҳмадаминова. – Бугун шундай кутубхонанинг туманимизда иш бошлагани барчамиз учун унутилмас воқеа бўлди. Энди компьютердан фойдаланишимиз ва китоб мутолаа қилишимиз учун шароит бор экан, албатта, бу имкониятларга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

Тадбир сўнггида туман раҳбари яқинда “Ёш чегарачилар” республика мусобақасида иштирок этиб, биринчи ўрин билан қайтган Ургут агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Амир Темур ворислари” жамоасига диплом ва эсдалик совғалари топширди.

Шундан сўнг тадбир қатнашчилари шу боғда ташкил этилган фавворалар сайлида бўлди. У ердаги ҳунармандлар, зираворлар кўргазмаси ва ўқувчи-ёшлар томонидан намойиш қилинган бадиий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).