Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ваъда қилинган уй қачон берилади? Ёки бир муаммо ортидан 15 оила можароси ҳақида

Нодира ҳали болалигиданоқ зарбаларга дуч келди. Биринчи марта - ота-онаси уни боқиб олганини эшитганда. Тўғри, улардан ёмонлик кўрмаган, аммо Нодирани асраб олишгач, ота-онасининг ўз фарзандлари туғилади. Оиладаги бу қувончли ҳодиса вақт, йиллар ўтгани сайин афсуски, ўз қувончини йўқота бошлайди. Сабаби, баъзи сўзи билан дилга оғриқ беришдан тоймайдиганлар қизчанинг уларга ўгай эканлигини ошкор қилади, оиладаги ҳақиқий фарзандлар қулоғига ҳам опаси ўгай эканлиги етиб боради. Орада аллақандай ички келишмовчилик юзага келади, қиз яккаланиб қолади.

Келинг, бу масалани муҳокама қилмайлик, сабаби, ана шу қиз бугун икки нафар фарзанднинг онаси ва қарийб кўчада қолган. Бугун 30 ёшни қоралаб қўяёзган жувон икки турмушидан ҳам тотувлик топмайди, алдовларга, хиёнатга дуч келади. Натижада фарзандлари билан ҳимояга муҳтож ҳолда бугун ойига 350 минг сўм ижара ҳақи тўлаш шарти билан шаҳардаги коллеж ётоқхоналаридан бирида истиқомат қилмоқда. Ҳозир икки ёшга тўлмаган фарзанди учун ўзи туғилиб ўсган маҳалладан олаётган маблағи унга асқотиб турибди. Аммо кейин-чи?.. Қолаверса, бу ётоқхонада доим яшай олмайди, бу ердан уларни чиқариб юборишлари мумкин.

Вазиятни билиш мақсадида коллежга бориб, Нодира Ҳамдамова билан суҳбатлашдик.

Нодирага уй бериладими, йўқми?

- Кўриб турганингиздек, ётоқхонада на газ, на сув бор, - дейди Нодира Ҳамдамова. – Тўғри, электр бор, аммо ундаям узилишлар бўлиб туради. Хонани иситиш учун қўйилган электр печлар тортадиган қувватни кўтаролмай сим, розеткалар куйиб кетади. Ҳожатхона ҳам, сув ҳам пастда. Икки фарзандим ҳам ёш, жуда қийналиб кетдим. Қўл ювишга шароит йўқ. Тўғри, ўзим туғилиб ўсган Самарқанд туманига қарашли Урганжи маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассис, маҳалла фаоллари доим аҳволимдан хабар олиб турибди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак бериб туришади. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимованинг ўзи ҳам аҳволимни кўриб, вазиятни тушунди. Уй олиш учун ҳужжатларимни тўғрилашимни айтди. Ўшанда бу меҳрибончиликдан бошим осмонга етганди. Наҳотки менинг ҳам ўз уйим бўлса, деб хурсанд бўлгандим. Чунки 2017 йилдан бери уй масаласида Самарқанд туман ҳокимлигига мурожаат қиламан. Бу гапдан кейин ҳужжатларимни олиб, туман хотин-қизлар қўмитасига бордим. Афсуски, ҳужжатларим шу пайтга қадар вилоятга тақдим этилмаган экан. Уларнинг муносабатидан сўнг менга уй бериладими, йўқми, тўғриси, тушунмай қолдим. Ҳозирги аҳволимда, ҳатто йўлкира пулини топиш ҳам мен учун жуда қийинлигини кўриб-билиб юрганлар жуда яхши билишади. Шукур, маҳалладагилар аҳволимни билиб, туман ҳокимлигига бориш харажатларимни ҳам қоплаб беришди. Лекин мен нима қилишим керак, ахир фарзандларим ўз бағримда, касал бўлмай катта бўлишини истайман. Бу шароит эса аллақачон соғлиғимизни издан чиқариб қўймоқда.

Н.Ҳамдамованинг айтишича, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова аёлга уй олиши учун албатта, ёрдам қилишини айтган. Аммо маҳалла фаоллари кўмагида Самарқанд туман ҳокимияти, хотин-қизлар қўмитасига ҳужжатларини олиб борганда, улардан бу борада аниқ жавоб эшитмаган. Ростдан, Нодира Ҳамдамовага уй бериладими, йўқми? У нега туман мутасаддиларидан аниқ жавоб ололмай юрибди?

Туман хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари билан бу масалада гаплашганимизда «Нодирага уй берилиши керак, ҳужжатларини вилоятга жўнатдик», деб жавоб беришди. Наҳотки шу гапни ўз вақтида мурожаатчига етказиб қўйишни иложи бўлмаса? Биргина шу аниқлик учун Нодира Ҳамдамова доимий равишда ўз аҳволидан шикоят қилиб, ариза ёзишга мажбур бўлмоқда. Қишнинг бир куни ҳам жуда узоқ туюлади. Икки ёш болали, шароити йўқ ётоқхонада яшаётганлар учун эса дақиқалар ҳам санагулик.

Тўғри, Нодира ва у каби ётоқхонада истиқомат қилувчилар  ушбу жойга ҳам вилоят ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан кўчди. Акс ҳолда ким билсин, уларнинг аҳволи не кечарди?!

Шароит йўқ ётоқхонадаги оилалар

Ётоқхонани кўздан кечирарканмиз, бу ерда худди шу шароитда 15 дан зиёд оила истиқомат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Ҳаммасининг ўз тарихи, дарди бор.

- Отам бизни ташлаб кетган, онам турмуш қилгач, ўгай отам мени сиғдирмади, - дейди Зарина исмли 21 ёшли аёл. – Бу пайти аллақачон бўй етиб қолгандим. Артур билан танишгач, турмуш қуришга қарор қилдим, у ҳам менга ўхшаб кўнгли ярим. Болалиги тарбияси оғир болалар мактаб-интернатида ўтган. Ҳозир икки нафар фарзандимиз бор. Устачилик қилиб пул топади, аммо муқим ишда ишламайди. Темирйўлчилар ётоқхонасида ижара ҳақи тўлаб яшардик, анча арзон ва шароитлари яхшироқ эди у ернинг. Афсуски, у ерни энди бошқа мақсадда ишлатишаркан, 20 дан зиёд оила вилоят ҳокимлигига мурожаат қилганимиздан сўнг, ушбу ётоқхонани беришди. Бу ерда ижара ҳақи 350 минг сўм, аммо шароит йўқ.

- Биз эса Наманган вилоятидан келганмиз, - дейди яна бир оила бошлиғи Нозимжон Холматов. – Тақдир тақозосига кўра, бир неча йилдан бери Самарқандда яшаймиз. Кўриб турганингиздай, шароитлар ҳаминқадар. Аммо коллеж коменданти бу ердан ҳам барибир чиқасизлар, деб айтиб турибди. Шаҳар бўйлаб ижара квартиралар нархи билан қизиқиб кўрдим. Бир миллион сўмдан ками йўқ. Оддий новвойликдан бундай пулни тополмаслигим аниқ. Буёғига нима қилишга ҳайронман.

Табиийки, коллеж ётоқхонасига тўсатдан олиб келинган бу оилалар коллеж маъмурияти учун ҳам томдан тараша тушгандай ҳодиса бўлди. Комендантнинг фикрига кўра, бу ерда яшовчилардан йиғиладиган пул электр энергияси учун тўланади. Аммо тўловлардан қарздорлик ошиб бормоқда. Сабаби, оилалар хонани иситиш учун овқат тайёрлаш учун электр энергияси ишлатишга мажбур. Қарздорлик ошиб кетаверса, электр энергияси узиб қўйилиши эҳтимоли бор.

Арзонлаштирилган нархдаги ижара уйлар қачон қурилади?

Хабарингиз бор, кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга уй берилиши, бу масалада айниқса, ногиронлиги бўлган, кўп фарзандли, якка-ёлғиз аёллар эътиборга олиниши мамлакатимизда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётан ишларнинг узвий бир қисмидир. Уйлар берила бошлагани ҳамоно унга муҳтожлар сони ҳам кескин кўпайиб кетаётганини бу масала билан шуғулланувчи мутасаддилар бот-бот такрорламоқда.

Мисол учун, ўтган йили ижтимоий ҳимояга муҳтож 250 га яқин оилага бошланғич тўлови тўланиб, уй ажратилган эди. Бундан ташқари жойларда ижтимоий уйлар берилди, қанчадан-қанча оилаларга фақат фойдаланиш ҳуқуқи асосида уйлар ажратилди.

Аммо бугун хотин-қизлар қўмитасида яна мингга яқин шундай оила рўйхатда турибди. Жорий йилги режага асосан яна 240 оилага имтиёзли уйлар берилади. Хўш, қолган 750 оила-чи? Уларнинг навбати қачон келади? Агар ҳар йили рўйхатга қўшилувчилар сони ортадиган бўлса, уларнинг уйга навбати қачон келишини тасаввур қилиш ҳам қийин.

Юқоридаги ётоқхонада, ижарада истиқомат қилувчилар кам таъминланган оила бўлса-да, аммо қўлида ҳунари, баъзиларининг касби бор. Бир миллион сўм ижара пули тўлаш қобилиятига эга бўлмаса-да, ҳар ҳолда 300-400 минг сўм ижара ҳақи беришга ва бунинг учун ҳеч бўлмаганда, биринчи даражадаги шарт-шароитни талаб қилишга ҳақи бор уларнинг. Бундай оилалар кўп. Эҳтимол, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун арзонлаштирилган тарзда ижарага бериш учун мўлжалланган уйлар қурилиши лозимдир. Ахир бутун дунёда уй сотиб олиш катта харажат сарф этиладиган харидлардан биридир. Юқорида кам таъминланганлар учун бериладиган уйлар ҳақида гап кетганда, гарчи унинг бошланғич тўлови хотин-қизлар қўмитаси фондидан тўлаб берилса-да, кейинги тўлови ўша оила аъзоларининг ўзлари томонидан амалга оширилишидан кўпчилик яхши хабардор бўлса керак. Рўйхатда турган кишилар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг бу тўловга қобилияти йўқлиги маълум бўлади. Хўш, унда бу уйлар ҳақиқий кам таъминланган, якка-ёлғиз инсонларга насиб этишига қандай ишонса бўлади?

Умуман, бу масалада арзонлаштирилган нархдаги ижара уйларни қуриш вақти келди, назаримда. Айни пайтда вилоятда бундай уйлар йўқлиги ҳам бу масала ўрганишга ва амалиётга татбиқ этилишига муҳтож.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон» мухбири.