Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вашингтон устида НУЖларнинг оммавий пайдо бўлиш сабаби нимада эди? Келажакда бундай ташрифлардан хавфсираш керакми?

1952 йил 20 июнда эрталаб соат тўртда Вашингтон аэропорти марказий диспетчерлик хонасида саросима бошланди. Барча радиолокаторлар экранларида еттита номаълум объект яққол кўзга ташланарди. Кўп ўтмай сирли объектлар Эндрюс авиабазаси локаторларида ҳам қайд этилди. Объектлар ақл бовар қилмас тезликда учиб борарди, аммо шаҳар устига борганида бироз вақт ҳаракатдан тўхтаб, унча катта бўлмаган баландликда муаллақ туриб қолди. Уларнинг шакли ликопчани эслатарди. (“НЛО” журнали, 2002 йил, 24-сон)

Хабарнинг давомини қисқартишлар билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Кўп ўтмай тўрт объект осмонўпар бинолар томига тегмасдан гоҳ юқорига, гоҳ пастга шўнғиб сирли ҳаракатлар қила бошлади. Қолган учтасидан иккитаси, Оқ уй устида, биттаси – Пентагон устида муаллақ қотди.

Эрталаб Вашингтон аҳолиси ҳаво тревогаси билан уйғотилиб, радио ва телевидение орқали одамларга шаҳардан чиқмаслик ҳақида маслаҳат берилди. Саросима бошланди.

Барча йўловчи самолётлар парвози бекор қилинди. Яқиндаги ҳарбий аэродромдан еттита Ф-97 қирувчи самолёти ҳавога кўтарилди. Уларга одамлар тинчини бузган сирли объектларни ушлаш вазифаси қўйилди. Аммо қирувчилар НУЖ (номаълум учувчи жисм)лардан бирига яқинлашган заҳоти у ва қолган олтитаси сирли равишда 90 даржага кескин бурилиб улкан тезликда шимоли-шарқ йўналишида ғойиб бўлди.

Осонгина ғалабадан руҳланган қирувчилар яна бироз Вашингтон осмонида патруллик қилдилар ва кейин аэродромга қайтдилар. Самолётлар ғилдираклари қўниш йўлагига тегар-тегмас шаҳар устида яна ўша таниш еттилик пайдо бўлди. Қирувчилар яна уларни ушлаш учун ҳавога кўтарилдилар. Учувчи объектлар - НУЖлар қирувчиларни мазах қилгандек яна бурилиб, бу сафар жануби-шарқ томонга қараб кўздан ғойиб бўлди.

Нима учундир 1952 йили Вашингтон НУЖларнинг жиддий диққат марказида бўлди. Ёки шаҳар уларнинг ноёб техник имкониятларини кўз-кўз қилувчи арена вазифасини ўтадими? Учувчи ликопчалар ўша йили ёзда Варшава, Деҳли, Нью-Йорк, Лондон, Мадрид, Токио... ва бошқа шаҳарлар устида ҳам пайдо бўлиб, одамлар кўнглига ғўлғўла солди.

1952 йили 12 августдан 13 августга ўтар кечаси рўй берган ҳодиса ҳаммасидан ошиб тушди. Ҳали 20 июлдаги воқеадан кейин ўзига келиб улгурмаган Вашингтон узра кечаси соат бирдан тонгги тўртгача радиолокаторлар шаҳар устига 68 марта НУЖлар пайдо бўлганини қайд этдилар. Олдинги сафарги муваффақиятсиз парвоздан кейин ҳарбийлар ҳавога кирувчи самолоётларни кўтармадилар. Ақл бовар қилмас бу ташриф нима билан тугашини ҳамма нафасларини ичига ютиб кутдилар. Ўша ҳодиса гувоҳларидан бирининг эслашича, барчани даҳшатли қўрқув қуршаб олган, учар ликопчалар ҳақидаги замонавий қўрқинчли фильмлар ҳам унинг олдида ип эшолмас экан.

Шуниси ажабланарлики, иккинчи куни тундаги воқеалардан мутлақо бехабар жуда кўп шаҳарликлар тиббий ёрдам сўраб шифохоналарга мурожаат қилганлар. Улар бош оғриғи, юрак тез уриши, кўнгил айнишидан шикоят қилишган. Қизиғи, улар орасида ҳодисани галлюцинация – кўзга кўриниш  деб билганлар ҳам учради. Бир фирмада котиба бўлиб ишлайдиган 25 ёшли Женни ўша оқшом анча кеч ухлашга ётди. Уйқу илита бошлаганида аёл хонада ўзи ёлғиз эмаслигини ҳис этди. У уйқусини қочириб, хонани кўздан кечирди ва... ва деразада улкан тақводор – художўй кимсани эслатувчи узун кийимли шарпага кўзи тушди. Женнининг хонаси 20-қаватда жойлашганди, у дўстларидан бири шубҳали ҳазил қилишини ақлига сиғдиролмасди. “Ўғримикан, ҳозир ташланиб, жўжадек эзиб ташласа-я?” Женни тўшагидан сакраб тушиб халатини нари бери елкасига ташлади-ю, ўзини ташқарига урди. Бироқ...у зинадан тушиб кўча йўлкасига чиқар экан, қоронғу осмон билан уйлар орасида нур сочаётган шарга кўзи тушди. У Женнига қараб, тезлик билан яқинлашарди. Сирли объект қўрқувдан дағ-дағ титраётган аёлга ўн метрлар қолганида таққа тўхтаб йўлак устида муаллақ туриб қолди. Унинг ичи ёп-ёруғ эди. Женни синчиклаб қараб шар ичида хонасида кўрган ўша тақводорга ўхшаш жуда кўп мавжудотлар борлигини кўрди.

Негадир Женни олдинги қўрқувни ҳам, қизиқишини ҳам ҳис этмай қўйди. Унга рўй бераётган ҳодиса мутлақо табиийдек туюлди. Шар ичидагилардан бири қизни имлаб, ўртада турган унча баланд бўлмаган ялтироқ стол устида ётишини буюрди. Аёл унинг измига бўйсунди. Кейин нима бўлгани Женни хотирасидан ўчириб ташланган...

Турган гап аёл ўзи билан бўлган бу сирли ҳодиса тушими ёки ўнгими эканлигини аниқлаш учун руҳшунос врачга мурожаат қилди. Ахир, бу хаёлида бўлган бўлиши ҳам мумкин-да! Қолаверса, ўша тундаги воқеадан  кейин унинг ўнг қўлида оғриқ пайдо бўлиб, бир неча жойи шишганди.

Шифокорлар рентгенда Женнининг қўлини текшириб кўрдида ва... ва тери остида нўхатдек келадиган бегона жисм борлигини аниқлашди. Бироқ аёл операциядан воз кечди. Врачлар аёлга руҳий соппа-соғ эканлигини айтишди. “Буни сирли шар ичидагилар қўлимга ўрнатган бўлсалар керак” деган ўй келди Женнининг хаёлига.

Афсуски, бу воқеанинг давоми бўлмади. Врачлар Женнининг қўлида сирли жисмни аниқлашганидан кўп ўтмай, аёл изсиз ғойиб бўлди....

Ўшандан буён саксон йилга яқин вақт ўтаяпти. Бироқ кўпчилик америкаликлар 1952 йилдаги НУЖлар ташрифини унутишгани йўқ. Вашингтон аҳолиси ўша қўрқинчли кунларда чинакам руҳий даҳшатни бошдан кечиргандилар”.

Вашингтон устида НУЖларнинг оммавий пайдо бўлиш сабаби нимада? Келажакда бундай ташрифлардан хавфсираш керакми? Ўша ҳодиса ҳақида батафсил ҳикоя қилинган, китоблар, рисолалар ёзилган бўлса-да, афсуски, бу саволларга ҳануз жавоб топилгани йўқ.

Т.Шомуродов тайёрлади.