Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ИИБ бошлиғи Каттақўрғон туманида сайёр қабул ўтказди

Каттақўрғон тумани Полвонтепа маҳалласидаги 35-умумтаълим мактабида 3-сектор раҳбари вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шавкат Рахмонов томонидан сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида 40 дан зиёд турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Бу ҳақда “Каттақўрғон ҳақиқати” хабар бермоқда. 


Вилоят ички ишлар бошқармаси, туман ҳокимлиги масъуллари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман прокурори, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган сайёр қабулда туман аҳолисининг муаммолари, ички ишлар органлари билан боғлиқ мурожаатлари тингланди.

Сайёр мулоқотда фуқароларнинг ижтимоий муаммолари, ички ишлар органларига ишга жойлашиш, ушбу йўналишда таълим олиш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, паспорт, фуқаролик ва пенсия каби масалаларга оид 40 дан ортиқ мурожаати ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди.

– Ўғлим Наврўз Холбоевда ички ишлар соҳасида ишлаш иштиёқи баланд, - дейди Янгиҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи Абдирауф Рустамов.  – Шу боисдан маҳаллаларда янги тузилма сифатида иш бошлаган маҳалла посбони - профилактика инспекторининг ёрдамчиси вазифасида иш олиб бормоқда. Бугун ички ишлар бошқармаси бошлиғига ўғлимни соҳага ишга қўйиш бўйича мурожаат қилдим. У киши масъул ходимларга топшириқ бериб, келгусида кўриб чиқишликни маълум қилди.
Шунингдек, оилавий шароити оғир бўлган 9 нафар фуқароларнинг уйларини таъмирлаш учун туман ҳокимлиги томонидан шифер ажратиладиган бўлди. Икки нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга туман ҳокимлигининг ташаббуси билан ҳомий ташкилотлар томонидан ногиронлик аравачалари топширилди.