Одамлар ҳокимдан нима сўраяпти?
Бундан бир ярим йиллар олдин вилоят ҳокимининг сайёр қабулига келганлар сони мингдан зиёд эканини кўриб ҳайрон қолганман. Мингдан зиёд муаммо шу ерга қадар ҳал этилмагани — туман, шаҳарлардаги ташкилотларда одамларнинг масаласи ҳал бўлмаганини англатмасмикин, деган хаёлга борганман.
Қолаверса, бошқа раҳбарлар сайёр қабулларида 20-50 нафар одамга кўзим ўрганган экан ўшанда. Бугун яна вилоят ҳокими сайёр қабулига бордим, бу сафар ҳам мурожаат қилувчилар мингдан кам эмас.
Бу, биринчидан, “Менинг муаммоимни фақат вилоят ҳокими ҳал қилиши мумкин” деган ишонч бўлса, иккинчи томондан, барча муаммонинг ўз “эгаси”, тизими бўлгани ҳолда ҳали ҳам минглаб одамлар вилоят ҳокими қабулига ошиқиши жойлардаги бошқарув идоралари фаолиятига берилган баҳо, назаримда.
Умуман, бунчалик кўп мурожаатлар тўпланишининг ўзи бир мавзу экан. Баъзан таҳририятга бирор соҳа масъулининг ҳисоботини кўтариб келишади, фаолиятимизни ёритайлик деб. Ҳисоботда “йилнинг шу даврига қадар аҳолидан тушган ....та шикоят ва мурожаатлар ижобий ҳал этилгани” мамнуният билан қайд этилади. Бизда эса савол туғилади: бу шикоятларни ижобий ҳал этиш мумкин экан, нега улар шикоят даражасига етган, нега жойида, шикоят бўлмасидан олдин ҳал бўлмаган?
Вилоят ҳокими сайёр қабулига келганларнинг ҳам аксарияти айтган муаммолар, аслида, жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар, назаримда. Шунинг учун ҳам, олдин айтганимиздек, бундай йирик сайёр қабуллардан кейин албатта жойида ҳал этса бўладиган мурожаатларнинг ҳудудийлигига эътибор қаратиш, айниқса, айни масала бўйича олдин қаерларга мурожаат этилгани ва қай тариқа “ўрганилгани"га аниқлик киритилиши шарт.
Масаланинг яна бир қанча томонлари бор, албатта. Қабулда ҳали ҳам “менга уй олиб беринг”, “менга пул беринг” (моддий ёрдам) деб келувчилар бор экан. Вилоят ҳокими эса бир неча марта “барча фуқаролар диққатига, биз сизга уй олиб беролмаймиз, бундай тартиб йўқ, субсидия олинг, аммо бунга ҳам аралаша олмаймиз, бунинг ўз талаблари, низоми бор, буйруқ билан ҳал бўлмайди”, деб эслатишига тўғри келди.
Аммо бизга энг таъсир қилгани бу ҳам эмас. Қабулга суд билан битадиган ишлар юзасидан ҳам кўплаб мурожаат бўлар экан. Нега судлар билан битадиган иш учун фуқаролар суд идораларига эмас, айнан ҳокимга келиши жиддий ўйлантирадиган масала, албатта. Ҳатто, суд қароридан норози бўлиб қабулга келганлар ҳам бўлди. Уларга бу каби масалалар билан қаерга мурожаат этиш лозимлиги тушунтирилди.
Нафақат, Самарқандда, кўплаб ҳудудларда учрайдиган масала — ноқонуний қурилишлар бўйича ҳам шикоятлар кўп бўлди. Масалан, Самарқанд шаҳридаги Имом Восе маҳалласидан келган кишилар ҳудудда ноқонуний қурилиш бўлаётгани, учта оиланинг уйига зарар етгани, ҳеч қанақа компенсация берилмаганидан шикоят қилди. Ҳолат ўрганиладиган бўлди.
Доимгидек, даволаниш масаласида ёрдам, ордер сўраб келганлар ҳам бўлди. Бундай масалалар юзасидан ҳам жойида ҳал этиш учун тегишли мутасаддиларга топшириқ берилди.
Йўл, коммунал соҳа, хусусан, электр таъминоти, ичимлик суви, тармоқларни янгилаш масалаларида мурожаатлар қайд этилди.
Мисол учун, Қўшработ туманининг Қовунчи маҳалласида яшовчи Ўроқбой Сафаров худди шу масалалар ҳамда қишлоқда мактаб филиали қурилишида ёрдам сўради.
Айни вақтда умумтаълим мактабларига қабуллар жараёни бўлгани учун шу масалада ҳам мурожаат қилувчилар кўп экани эътиборимизни тортди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро фарзандини мактабга қўйишга ёрдам сўради. Афтидан, таълим тизими мутасаддилари қабуллар тартиби бўйича тартиб-қоидаларни барчага етказишга ҳаракат қилишлари лозим. Масалан, оила асли чекка тумандан, аммо ишлаш, пул топиш мақсадида вақтинча Самарқанд шаҳрида яшайди, уларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда муаммолар юзага келади. Бу каби ҳолатларга ҳам ечим топиш, аниқ ечими бўлса аҳолига тушунтириш керакка ўхшайди.
Мурожаатчилардан бири, Кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими раҳбари жамият биносининг таъмирталаб экани, шунингдек, автомашина ҳам керак бўлаётганини маълум қилди. Ҳар икки масала тез орада ҳал этилиши айтилди.
Юқорида қайси ҳудудлардан ва тизимдан мурожаатлар кўп бўлаётганига эътибор қаратиш лозимлигини айтдик. Аммо бунда яна бир жиҳат, мурожаатчининг ҳақ ёки ноҳақ эканига ҳам албатта эътибор бериш керак. Масалан, ноқонуний ерни эгаллаб олиб, қабулда “менинг еримга ҳужжат қилиб беришмаяпти” деган мурожаатчининг муаммосига ечим топиб бермаган мутасаддилар айбдор бўлиб қолмаслиги керак, бизнингча.
Анвар Мустафоқулов,
Ҳусан Элтоев (фото).