“Акасига тор шим, синглисига калта юбка, ўлган бувисига янги кафанлик...”

Вилоят ҳокимининг сайёр қабулини кузатар эканман, беихтиёр Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримовнинг совчи образидаги шу гаплари ёдимга тушди.

Сабаби, қабулда ҳокимдан сўралмаган нарсанинг ўзи қолмади. Ҳа, унда инсофдан бўлак ҳамма нарса сўралди. Ҳатто, туғилмаган фарзанд учун бешик ҳам.
Мурожаатлардан бири:

- Ҳамшира бўлиб ишга кирмоқчи эдим, пул талаб қилишяпти, - салом-аликдан сўнг бирдан мақсадга кўчди фуқаро.

- Шикоят ёзинг, кўриб чиқишади. Лекин буйруқ бериб ҳамшираликка жойлаштира олмайман.

- Собиқ эримдан уч йилдан бери алимент пулларини ундира олмаяпман, - кейинги масалага ўтди у.

Мажбурий ижро бюроси масъулларига ҳолатни ўрганиб, алимент пулларини ундириб бериш топшириғи берилди.

- Кредитимни ёпишда ёрдам беринг. Дадам ҳам инсульт бўлган, унга қарашиш керак...

- Агар тўхтамасангиз, мен ҳам инсульт бўламан, - деди ҳоким. - Инсоф дегани борми, барака топкур?

Яна бир фуқаро қабулга ногиронлар аравачасидаги отаси билан келган. Отахон ҳам кичигидан бошлаб, кейин мақсадини айтди. Оз эмас, кўп эмас, ҳокимдан ўғли учун биттагина “Cobalt” олишда ёрдам беришни сўради. "Мени олиб юради шу машинада", дейди у. Беихтиёр кўзим унинг ортида турган “бечора” ўғилга тушди. Мендан ҳам бақувват экан, деб юбордим. Шу одам уялмай ногирон отасини “байроқ” қилиб келибди. Машинали бўлиб қоламан, деб ўйлагандир-да.

Бу мурожаатни ҳазм қилиб улгурмасимдан янгиси жаранглади: " Ҳомиладорман, яшаш шароитим оғирроқ, туғилажак боламга коляска ва кровать олиб берсангиз...".

Ҳоким сўрайди: “Сенга қарашадиган эр йўқми?”.

- Эрим бор. Ҳокимият ҳам ёрдам бериши керак-ку.

Қабулда ноқонуний қурилишини қонунийлаштириб бериш, кредитини тўлаб бериш, суд қарорини бекор қилишни сўраганлар ҳам бўлди. Ҳар сайёр қабулда кўриниш берадиган “доимий” мурожаатчилар ҳокимга “Мени танидингизми?”, деб киноя қилишдан-да уялмади. Аммо бу сафар уларнинг режаси амалга ошмади. Ҳоким қаттиққўл бўлди, боқимандаларга қисқа ва лўнда қилиб, “Биз сизга ёрдам беролмаймиз”, дея жавоб қайтарди.

Бу билан тадбирда долзарб мурожаатлар бўлмади, демоқчи эмасмиз. Масалан, Нурободнинг Тим қишлоғидан келган фуқаро маҳалласининг 5 километр ички кўчасини асфальт қилиб беришни сўради. Ҳоким масъулларга мазкур мурожаатни бир ҳафта ичида ижобий ҳал қилиш топшириғини берди. Яна кимдир маҳалласи учун хусусий боғча очганини, аммо ишни бошлашига айрим бюрократик тўсиқлар йўл қўймаётганини билдирди. Мазкур муаммо ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганиб чиқилиб, қисқа муддатда ечилиши айтилди.

Қабулда ҳокимдан бола асраб олишда ҳуқуқий ёрдам беришни сўраган ҳам бўлди. Буни қаранг-а, кимдир тирноққа зор, бошқалар эса ҳали туғилмаган фарзандини ўртага қўйиб, ҳокимдан ниманидир тама қилади.

Хуллас, қабулда мурожаатлар инсонларимиз сингари хилма-хил бўлди.

Асқар БАРОТОВ.