Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Харидор келишувни бузганлиги сабаб қарзга сотилган машина эгасига қайтарилди

Самрқандлик Исмат (исмлар ўзгартирилган) ўзининг “Нексия” русумли автомашинасини 2014 йилда олдиндан таниши бўлган Салимга 10 минг АҚШ долларга баҳолаб, бир ярим йил муддатга қарзга  сотади.

Аввалдан таниш эмасми, амалга оширилган олди-сотди шартномада расмийлаштирилмайди, ҳатто икки ўртада тилхат ҳам олинмайди.

Шу сабабданми дастлабки тўлов сифатида 2500 АҚШ доллар берган Салимнинг эса феъли айнийди. Қолган 7500 АҚШ долларни 2016 йил ноябрь ойигача беришга келишишган бўлсада, Салим турли баҳоналар билан ваъдасини бажармайди.

Шундан сўнг Исмат пулнинг қолганини 3 йил ичида тўлаш тўғрисида келишиб, тилхат ёздириб олади. Бироқ Салим навбатдаги ваъдасини ҳам, яъни тилхатда олган мажбуриятини ҳам бажармайди. Энг қизиғи, кўп ўтмай Салим машинани маҳалласидаги ака-укалар Саид ва Саддамларга 12000 АҚШ долларига сотиб юборади. Улардан пулларни тўлиқ олсада, машинанинг ҳақиқий эгасига сариқ чақа ҳам бермайди.

Охир-оқибат Исмат ўз мулкини қайтариш мақсадида судга даъво ариза қўзғатади.

Ўзбекистан Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддаси талабига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк хуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат эканлини эътиборга олиш лозим.

Биринчи инстанция суди жавобгарлар Салим, Саид ва Саддамлардан 2013 йилда ишлаб чиқарилган, “Нексия” русумли автомашинани даъвогар Исматга мажбурий тартибда олиб бериш ҳақидаги ҳал қилув қарори чиқарган.

Бироқ Саддам бу қарордан норози бўлиб, шикоят билан мурожаат қилган. Аммо кассация инстанцияси суди ўз ажрими билан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун сабаблар йўқлиги учун шикоят қаноатлантирилмади.

Фахриддин Қаршиев,

фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.