Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги вирус олдингисидан 70 фоизга юқумлироқ бўлиши мумкин

Янги турдаги коронавирус Буюк Британияда кенг тарқалмоқда. Бугун коронавирус юқтирганларнинг 65 фоизида айнан мутацияга учраган коронавирус аниқланган. Британия қироллиги бўйлаб чекловлар эълон қилинган, лекин одамлар орасидаги контакт тўлиқ узилмагани туфайли янги турдаги вирус тез тарқаляпти.

Маълум қилинишича, янги вирус олдингисидан 70 фоизга юқумлироқ бўлиши мумкин, лекин олдингисига қараганда кўпроқ ўлимларга сабаб бўлиши исботланмаган.

Коронавируснинг янги штаммнинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида чет элдан кириб келаётган фуқароларни кўрикдан ўтказиш, экспресс усулида антиген тест синамалари ўтказиш, шифохоналарга жойлаш, карантинга олиш ва мулоқотда бўлганларни изоляция қилиш тадбирлари давом эттирилмоқда.

Дастлабки штаммдаги коронавирус инфекциясида бўлгани каби бу штаммда ҳам ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш энг самарали усуллар ҳисобланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йилнинг 21 декабридан Британия ва янги штамм аниқланган бошқа 8 та мамлакатлар билан авиақатновларни тўхтатган эди.