Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Япония давлатлар билан ҳамкорлик қилишда қўғирчоқ театрларига эътибор қилади. Нега?

Ўзининг иқтисодиёти, фан ва технологияси билан ривожланган мамлакатлардан бири Япония бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлса, албатта, ўша мамлакатда болалар театри бор-йўқлигига эътибор қилар экан. Сабаби, ўз миллий маданияти ва санъатини эъзозлаб, маънавий ва эстетик дидни ёш авлодлар онгида шакллантиришга эътибор бераётган юртнинг келажаги борлиги, шубҳасиз.

Бундан бир аср олдин яшаган атоқли маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг жамият онгини тарбиялашда мактаб, илм-маърифат ва санъатнинг аҳамияти нақадар муҳим эканлиги ҳақидаги ғоялари асосида Самарқандда театр санъатига тамал тоши қўйилган эди. 1914 йил 15 январда саҳна юзини кўрган илк спектакль "Падаркуш"драмаси орқали жамиятимиздаги иллатлар, илмсизлик, жоҳиллик ва уларнинг салбий оқибатларини саҳнадан туриб, томошабин кўз ўнгида тўғридан-тўғри юз бераётган ибратли воқеалар орқали тарбиялаш санъати ўша давр учун чинакам инқилобий ривожланиш, юксалиш эди.

Яқинда Президентимиз томонидан эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий санъатимиз ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, келажак авлоднинг онгига сингдириш, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини мустаҳкамлаш каби вазифаларни қамраб олди. Барча соҳалар қаторида театр санъатига ҳам берилаётган алоҳида эътибор, хусусан, вилоятларда фаолият юритаётган қўғирчоқ театрлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Навоий, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш режалари, келажак авлоднинг маънавий тарбиясига қаратилган юксак эътибор, деб биламан.

Дарҳақиқат, мурғак қалбларда эзгулик, меҳрибонлик, илм олиш, катталарга ҳурмат, Ватанга муҳаббат каби халқимизга хос минг йиллик фазилатларни шакллантиришда болалар театрларининг ўрни беқиёс. Кейинчалик бу маданиятли, зиёли, театр томошабинлари аудиториясининг шаклланишига ҳам замин яратади.

Қирқ йилдан буён  Самарқанд драма театри, кейинчалик мусиқали драма театрида фаолият юритаман, қанчадан-қанча улуғ саҳна усталари, устоз санъаткорлар билан ишлаш, уларнинг маҳорат мактабидан баҳраманд бўлиш насиб этди. Ҳеч иккиланмай айта оламанки, маънавий озуқа олишда театрнинг ўрни катта. Театр - инсон ҳаётининг ички ва ташқи дунёсини, ундаги турли нуқсон, иллатларни яққол акс эттирувчи ойна.

Фармонда кўзда тутилган хусусий театр ва театр студиялари фаолиятини ривожлантиришнинг аҳамияти шундаки, энди жамоалар орасида ижодий рақобат, бадиий жиҳатдан юқори савиядаги санъат асарлари яратилиши учун астойдил меҳнат қилишга, янги ғоялар, замон талабларига мос, янги услуб ва шакллар топишга, ижодий изланишларга ундайдиган меҳнат тизими шаклланиб боради.

Қилинажак ислоҳотлар, белгиланаётган вазифалар мазмун-моҳиятини чуқур ҳис қилган театр жамоаларгина ижодий салоҳияти, ўз услуби ва ўзига хос маҳорат мактабини сақлаб, мукамаллашиб бораверади.

Бахтиёр РАҲИМОВ,

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри бадиий раҳбари.