Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови якунланди.Самарқандлик ўқитувчиларга иккитадан 1-2 ўринлар насиб этди

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари география фанидан ўтказилган "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019" кўрик-танловининг Республика босқичи иштирокчилари учун тадбир уюштирилди.

Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Ж.Фозилов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов танловнинг ҳал қилувчи босқичида фаол иштирок этган география фани ўқитувчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, тизимда фаолият олиб бораётган илғор, ижодкор ва маҳоратли, таълим-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаш, иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи фанлар кесимида барча вилоятларда ташкил этилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида она тили ва адабиёти, Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия, Андижонда математика, Қашқадарёда информатика ва ахборот технологиялари, Бухорода физика, Сирдарёда биология, Жиззахда кимё, Самарқандда география, Фарғонада давлат тили, Сурхондарёда бошланғич таълим, Хоразмда давлат ва ҳуқуқ асослари, Наманганда мусиқа, Навоийда инглиз тили фанлари ўқитувчилари синовдан ўтди.

Танловда ўқитувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, дарс ўтиш маҳорати, фанга оид билимлари 100 баллик тизимда баҳоланди.

Иштирокчилар билимининг холис баҳоланишини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуддан бир нафардан вакил ҳакамлар ҳайъати аъзолари таркибига киритилди. Танлов жараёнларини кузатиш учун Халқ таълими вазирлигидан масъул бириктирилди.

Масалан, Самарқанд шаҳрида география фани йўналиши бўйича ўтказилган Республика кўрик-танловида барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан 14 нафар ўқитувчи иштирок этди. Уларнинг билими ва маҳоратини 14 нафар ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолади.

Танлов натижасига кўра, Самарқанд шаҳридаги 20-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси Шаҳло Саломова фахрли 1-ўринни эгаллади.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳридаги 17-ИДУМнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Маҳлиё Жакбарова ҳам Тошкент вилоятида ўтказилган танловда биринчиликни қўлга киритди.

Иштихон туманидаги 1-ИДУМнинг математика фани ўқитувчиси Тоҳир Умрзоқов Андижондан, Пахтачи туманидаги 33-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Қўчқор Шерхолов Бухородан иккинчи ўринни эгаллаб қайтди.

Ғолиблар 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этиладиган тантанали тадбирларда тақдирланади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.