Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёш келин эрини қариндоши билан тил бириктириб ўлдирди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими Тошкент шаҳридаги Камолон маҳалласида содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, 2019 йил 5 октябрь куни соат тахминан 04:30 ларда Шайхонтоҳур тумани, Киркий кўчасида жойлашган уйнинг ётоқхонасидан, шу хонадонда истиқомат қилиб келган Аббос А.нинг (1993 й.т., ХАТБ “Универсал банк” Тошкент филиали бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган) мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан буғилган холатда топилган.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Аббос А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан буғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 05.10.2019 йилда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, Камола А. турмуш ўртоғи Аббос А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши Отабек Х. билан жиноий тил бириктирган. Отабек Х. 2019 йил 04 октябрь куни соат 19:00ларда Аббос А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркинган. Камола А. билан унинг турмуш ўртоғи Аббос А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутиб, 2019 йил 5 октябрга ўтар кечаси соат 00:30ларда ётоқхонага кириб, Аббос А.нинг уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиққан ҳолда юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар берган. Сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган.

Оқибатда Аббос А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида Камола А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмини ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитган ва Аббос А.ни қасддан ўлдиришган.

Кейин Отабек Х. хонадонда бўлган марҳум Аббос А.га тегишли 2 та уяли телефон аппаратлари, 500 АҚШ доллари ва 110.000 сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги Камола А.га тегишли 1 дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. Камола А. эса жинояти фош этилишининг олдини олиш ва жавобгарликдан қутулиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.

Тергов давомида Отабек Х.нинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув давомида Аббос А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Иш бўйича 7 октябрь куни Отабек Х. ва Камола А.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.