Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ёшлар қаноти” тузилмалари фаолияти танқид қилинди

Вилоят Ёшлар марказида “Ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партиялар ва ижтимоий тармоқларнинг роли” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари мутасаддилари, вилоят касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакатимизда жорий йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу жараёнларда сайловчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Шунинг учун ҳам сайловда биринчи бор иштирок этадиган ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш долзарб масала ҳисобланади.

Тадбирда партия кенгашлари томонидан илгари сурилаётган 5 йиллик устувор йўналишлар, бу йилги жараёнларнинг ўтган сайловлардан фарқига доир маърузалари тингланди. Партиялар қошидаги “Ёшлар қаноти” тузилмаларининг фаолияти танқид қилинди.

Тарғибот доирасида сиёсий партиялар дастури акс этган кўргазма ва видеороликлар намойиш этилди.

Шаҳноза ХОЛИҚОВА.