Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юртимизда энг кўп экспорт ҳажмини табиий газдан кейин мева-сабзавот маҳсулотлари эгаллайди

Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга тушумни кўпайтириш мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар учун қай даражада қулай шарт-шароит яратилгани билан боғлиқ.

Ўзбекистонда бу борада замонавий бозор механизмларини жорий этиш, экспорт қилиш тартибини соддалаштириш орқали унинг ҳажмини юксалтириш, логистика тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, юртимизда энг кўп экспорт ҳажми бўйича табиий газдан кейинги ўринни мева-сабзавот маҳсулотлари эгаллаб турибди. Ҳозирги кунда дунёнинг 80 та давлатига 180 турдаги мева-сабзавот етказиб берилаётгани ҳам шундан далолат беради.

Самарқанд вилояти мисолида рақамларга эътибор қаратсак, ўтган 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида жами 227,5 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари 160,5 миллион AҚШ долларига экспорт қилинди (ўсиш суръати 115,1 фоиз).

Агар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт таркибига қарайдиган бўлсак, 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 110,9 минг тоннадан кўпроқ сабзавотлар (41,3 миллион AҚШ долларига) ёки 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 27,3 минг тоннадан кўп миқдорда экспорт қилинган.

Шунингдек, 45,0 минг тонна мева ва резаворлар (45,9 миллион AҚШ долларига) экспорт қилинган бўлиб, экспорт ҳажми 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 12,0 минг тоннага кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш механизми анча соддалаштирилди.

Хусусан:

- энди юридик шахслар уни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин;

- экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилади. Экспорт қилишда уларга нисбатан 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилади;

- тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эгадир. Эслатиб ўтамиз, уни тўлиқ бекор қилиш режалаштирилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ЯСТ тўлашлари керак бўлади;

- экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди (божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно). Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.