Самарқандда «XXI аср ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда Марказий Осиё хотин-қизларининг роли» мавзусида халқаро форум ўз ишини бошлади

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, «Сабр» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқаро ташкилотлар, мамлакатимизнинг вилоятларидан ташқари, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманда эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариш, уларнинг фуқаролик фаоллигини ошириш, ҳуқуқини кафолатлаш, “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказларининг тажрибаси муҳокама этилмоқда.
Анжуманда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси С.Баратова, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича парламент комиссияси раиси ўринбосари Б.Тожиев, Марказий Осиёда DVV International (Германия) минтақавий директори Текла Келберт ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзуга доир фикрларини баён этди.
Г.МЎМИНОВА.