Ҳайдовчига интизомий жазо қўлланилди, меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди

Шу йил 24 июль куни сайтимизда "Кондуктор электрон ҳамённи олиб қўйишга ҳақлими?" сарлавҳали танқидий мақола берилган эди.
Ушбу мақола юзасидан вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати жавоб йўллади.
"Мақолада айтилган ҳолат бошқармамиз мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда кўрсатилган ҳолатга тўлов амалга оширилган банк пластик картаси рақами орқали аниқлик киритилди.
Аниқланишича, йўловчининг эътирозига сабаб бўлган ҳолат “Самарқанд Ҳамкор транс” МЧЖга тегишли 99-йўналишда қатновчи автобусда кузатилган.
Аҳолига транспорт хизматини кўрсатишда белгиланган талаблар асосида ташувларни ташкил этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар билан самимий муносабатда бўлиш юзасидан “Самарқанд Ҳамкор транс” МЧЖда ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш-ташвиқот ишлари олиб борилди. Унда ташувларни ташкил этишда белгиланган талабларга қатъий амал қилиш борасида ташувчи корхона раҳбарияти тегишли кўрсатмалар ҳамда жамоат транспорти ҳайдовчига қўйилган талаблар бўйича барча ҳайдовчилар ўртасида навбатдан ташқари йўриқнома ўтказиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажариш, акс ҳолда кескин чоралар кўрилиши бўйича ҳайдовчилар огоҳлантирилди.
Йўл қўйган камчиликлари ҳамда талабларга хилоф равишда кондуктор ёллаганлиги учун автобус ҳайдовчиси Н.Ф.га “Самарқанд Ҳамкор транс” МЧЖ раҳбарияти томонидан қонунчиликда белгиланган тарзда интизомий жазо чораси қўлланилди. Ҳолат қайта такрорланса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирилди", дейилади жавоб хатида.