Такрорий экин ер учун ҳам, деҳқон учун ҳам кони фойда

Бугунги кунда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш дунё мамлакатлари учун энг долзарб масалага айланмоқда. Ҳатто айрим ривожланган давлатларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги кузатилмоқда.

Аҳоли сонининг ўсиб бориши, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, коронавирус офати вазиятни янада мураккаблаштиряпти. Шу боис, юртимизда имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва маҳсулот экспортини ривожлантириш мақсадида ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экишга катта эътибор қаратилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки иқлим шароитимиз бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имконини беради. Яъни, кузги ғалла ўриб олингандан кейин салқин кунлар бошлангунча яна 3-4 ой давомида иссиқ ҳарорат кузатилади. Бу эса сабзавот, полиз ва картошка экинлари етиштириш учун айни муддаодир. Оддий қилиб айтганда, шу қисқа вақт ичида деҳқон йўқ жойдан қўшимча даромадга эга бўлади.

Такрорий экиннинг далага ҳам фойдаси катта. Ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экилганда ерга биологик азотнинг етишмаслик муаммоси бартараф этилади, майдонлар янада маданийлашади. Саноат йўли билан ишлаб чиқарилаётган азотнинг сув ҳавзаларига қуйилиши, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидек оқибатларнинг олди олинади. Бундан ташқари, такрорий экин қўшимча ҳосил манбаи бўлиб, аҳолининг моддий неъматларга бўлган эҳтиёжини қондиради, нарх-навонинг арзонлашуви ва зироатчиликда кўп ҳосилли тизимнинг барқарор ривожланишини кафолатлайди. Қолаверса, тупроқ унумдорлигини муттасил ошириб, органик модда билан бойитади, унинг хоссаларини яхшилаб, биологик жараённи кучайтиради ва деҳқонларга қўшимча даромад келтиради. Асосийси, аҳолини йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти яратилади.

78,6 минг гектар майдонда такрорий экин экилмоқда

Жорий йилда вилоятимиз деҳқонлари ғалладан бўшаган 78 минг 600 гектардан ортиқ майдонга такрорий экин экмоқда. Жумладан, 6 минг 600 гектардан ортиқ полиз-сабзавот, 35 минг 214 гектарда дуккакли, 350 гектар мойли, 26,5 минг гектардан ортиқ майдонда озуқа экинлари, 9 минг 920 гектарда картошка ва бошқа экинлар экмоқда. 

Энг муҳими, бу йил такрорий экин учун зарур бўлган сув етарли. Қолаверса, вилоятимизда 11 минг 988 гектар майдонда томчилатиб, ёмғирлатиб, пулсар усулида ва плёнка тўшаб суғориш лойиҳалари тадбиқ этилмоқда. Мутахассислар томонидан такрорий экин экиладиган майдонлар ҳам ўрганилди ва лойиҳаларнинг аксарияти такрорий экинларга ҳам жорий этилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги такрорий экиндан вилоят бўйича 320 минг тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Деҳқон-фермерларимиз етиштирган маҳсулотини сотиш учун харидор қидиришларига ҳожат йўқ. Чунки уларнинг маҳсулотига вилоятимиздаги 50 дан ортиқ қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар шартнома имзолашган бўлса, корхона-ташкилотлар, савдо мажмуалари ҳам такрорий экин ҳосилига харидор бўлмоқда. Қолаверса, такрорий экин ҳосили, аввало, аҳолининг ички истеъмоли, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларига чиқарилади.

Деҳқонларимизнинг мўл ҳосил етиштириши ва уни олдиндан харидори тайин бўлгани яхши. Лекин вилоятимизда етиштирилган маҳсулотни қайта ишлашгача ва экспорт қилишгача сақлаш учун имкониятлар етарлими?

- Ҳозир вилоятимизда 162,9 минг тонна сиғимга эга 229 та музхона ва совуткичли омборхона бор, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Болтаев. – Шундан узоқ муддат сақланадиган маҳсулотлар учун 25,2 тонна қувватга эга бўлган 154 та музлаткичли, 37,7 минг тонна сиғимга эга 75 та совуткичли омборхона мавжуд. Албатта, хорижга қишлоқ хўжалик маҳсулоти сотишда логистика тармоғи беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, жорий йилда Жомбой туманида “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти томонидан йиллик қуввати 20 минг тонна бўлган логистика марказини ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг учун керакли бўлган барча ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда вилоятимиз деҳқонлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дунёнинг 80 дан ортиқ давлатлар бозорларига етказиб берилмоқда. Бу йилдан эса экспорт ҳажмини янада ошириш, 251 минг тоннадан ортиқ маҳсулотни хориж бозорларига сотиш режалаштирилган.

Шу ўринда табиий савол туғилади: режалар яхши албатта, аммо у амалга ошадими, тўлиқ бажарилган тақдирда вилоят экспортида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ортадими? Негаки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж бозорларига чиқариш кўрсаткичлари деярли қониқарсиз бўлди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқара оламизми?

Ярим йилликда вилоятимизда саноат маҳсулотлари экспорти 106,6 миллион долларни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти эса 52,1 миллион долларни ташкил этди. Яъни, режадаги 83,8 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилмади. Оқибатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режаси бирорта ҳам шаҳар ва туманда бажарилмади.

Шунингдек, саноат маҳсулотлари экспортида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсишга эришилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти аксинча 17,9 миллион долларга кам амалга оширилди.

Бу албатта, соҳада янги турдаги экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ўрнига ишлар ҳанузгача эскича тизимда олиб борилаётганидан далолат беради. Шу билан бирга қўшилган қиймат занжирини яратувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш эвазига экспорт қийматини ошириш чора-тадбирлари етарлича амалга оширилмаётгани ҳам деҳқон маҳсулотини хорижга чиқаришга тўсиқ бўлмоқда.

Айни шу сабабларга кўра, яқинда вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида соҳада кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиланди. Вилоят ҳокими ўринбосарига қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши билан биргаликда аҳоли томорқасида, боғ-ток ораларига экспортбоп экинларни пухта жойлаштириш ҳамда экспортга етказиб бериш бўйича экин турлари ва мавсуми кесимида икки ҳафта муддатда етиштириб бериш жадвалини ишлаб чиқиб, уларнинг камида 30 фоизини экспортга йўналтиришни таъминлаш вазифаси топширилди.

Аграр соҳа имконияти ҳақида олимлар қандай фикрда?

- Республикамизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари асосан суғориладиган ерларда етиштирилади, сув ресурслари танқислиги эса янги ўзлаштириладиган ерларни кенгайтириш имкониятини чеклайди, - дейди қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов. – Шу боис, қишлоқ хўжалигини жадаллаштиришда суғориладиган ерлардан самарали, интенсив фойдаланиш, бир йилда  2 ва 3 марта ҳосил олиш, республикамизда дон, сабзавот, полиз, мойли экинлар ва  ем-хашак етиштиришни кўпайтиришнинг муҳим захираси ҳисобланади.

Республикамиз тупроқ-иқлим шароити кузда экилган бошоқли дон экинлари ҳосилидан бўшаган  майдонлардан  такрорий, анғиз,  кузги оралиқ экинларни экиб иккинчи, учинчи ҳосилни олишга имкон беради.

Вилоятимизда суғориладиган ерларда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга иккинчи экин сифатида ўсув даври қисқа такрорий экинлардан маккажўхори, тариқ, соя, маржумак, мош, ловия, ерёнғоқ, кунгабоқар, кунжут, сабзавот экинларидан помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, шолғом, турп, картошка, карам ва гулкарам, полиз экинларидан қовун, тарвуз, қовоқ, бодринг экиш мумкин.

Дарвоқе, тупроқ-иқлим шароитига асосан туманлар кесимида экинлар етиштиришга ихтисослашуви мавжуд. Шу жиҳатдан Нарпай, Каттақўрғон, Пахтачи туманларида такрорий экинлар учун ўртапишар навлар ва дурагайларни, Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Пайариқ туманларида эртапишар навларни, Тойлоқ, Самарқанд туманларида сабзавот экинларини, сув танқис минтақаларда тезпишар навли экинларни экиш ва етиштириш ўз самарасини беради.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.