Хориж воқеалари қисқа хабарларда: АҚШдан 270 мингдан ортиқ муҳожир чиқариб юборилди. Қирғизистон янги темир йўли қурилиши бошлади. Марсда қурилиш йўли топилди
🔹 АҚШ ўтган йил давомида 270 мингдан ортиқ муҳожирни чиқариб юборди. Бу сўнгги ўн йилдаги рекорд кўрсаткич. Депортация кўпайиши иммиграция сиёсати кучайиши билан ёки "Title 42" – пандемияда муҳожирларни тез чиқариб юбориш сиёсати билан боғлиқ. Боз устига АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп барча муҳожирларни депортация қилиши ва ноқонуний иммиграцияни миллий фавқулодда ҳолат деб эълон қилиш ниятида.
🔹 Туркия Президенти Эрдоған Дамашқ ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. Ташриф давомида хавфсизлик учун Хама, Ҳомс ва Идлиб чизиғи бўйлаб фавқулодда ҳаво ва қуруқлик қалқони яратилади.
🔹 Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланганини маълум қилди. “Ўнлаб йиллар давомида қоғозда қолиб кетган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси ниҳоят амалга оширилмоқда, 27 декабрда қурилиш ишлари бошланади”, деди Жапаров учинчи Халқ Қурултойида.
🔹 Нигерияда мактаб ярмаркасидаги тиқилинч оқибатида 35 нафар бола ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди. Фожиа Ибадан шаҳридаги мактабда иштирокчилар тадбирга асосий дарвоза орқали киришга ҳаракат қилганда содир бўлган. 5 минг кишига мўлжалланган ярмаркага 7 мингдан ортиқ киши келган.
🔹 Россиянинг Якутск шаҳридаги изоляторда ёнғин оқибатида беш киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар бор.
🔹 Германия канцлери Шольцнинг партия рейтинги тушмоқда. Германия Социал-демократик партиясини қўллаб-қувватлаш даражаси 14 фоизга тушган. 4 кун олдин Шольц Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаерга ишонч вотуми муваффақиятсиз якунлангач, Бундестагни тарқатиб юборишни таклиф қилди. Энди Штайнмаер 21 кун ичида Бундестагни тарқатиб юбориши керак.
🔹 Хорватия пойтахти Загребдаги мактабда пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир етти кишини яралади. Улардан бири ҳалок бўлган.
🔹 Google Россияда икки йилдан бери расман ишламаяпти. Бунинг ўрнига компания ўзининг Россия филиали учун банкротлик жараёнини давом эттирмоқда ва кешлаш серверлари инфратузилмасини қўллаб-қувватлашни тўхтатди.
🔹 Эронлик муҳандислар Марс ресурсларидан Қизил сайёранинг экстремал шароитига бардош бера оладиган қурилиш материалини яратмоқчи, дейилади Acta Astronauticaда. Улар зонд ва роверлар томонидан тўпланган марс реголит тупроғи кимёвий таркибини ўрганишди ва ушбу материалдан яратилиши мумкин бўлган бетон учун бир нечта вариантни таклиф қилишди. Ушбу бетон юқори қувватга эга бўлиб, бардошли биноларни қуриш учун қўл келади. Шунингдек, Марсда кўп учрайдиган ва қурилиш учун зарур олтингугуртдан фойдаланилади. Олимларнинг фикрича, технология Қизил сайёрани инсоният учун янги уйга айлантирса ажаб эмас.