Ҳар бир болада иқтидор бор, фақат...

Самарқанд вилоят "Баркамол авлод" болалар мактабида "Иқтидорингни намоён эт!" кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

Вилоят прокуратураси, халқ таълими ва молия бошқармалари ҳамда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими ҳамкорлигида уч босқич ва уч йўналишда ташкил этилган танловда вилоят бўйича 30 минг нафардан зиёд ўқувчилар қамраб олинди. Улар орасидан 3 741 нафар йигит-қиз сараланиб, шаҳар ва туман босқичларида иштирок этди. Бу босқичда ғолиб бўлган 48 нафар ўқувчи эса танловнинг якуний вилоят босқичида қатнашди. 

Ҳар бир болада иқтидор бор, фақат уни намоён эта билиш керак, - дейди вилоят прокуратураси бўлим прокурори Муҳаррам Ҳамроева. – Бу танлов бошқаларидан фарқли ўлароқ, дарсларни яхши ўзлаштиролмайдиган, тарбияси оғир ва махсус ҳисобда турадиган ўқувчилар иштирокида ўтказилди. Улар “Энг яхши китобхон”, "Буюк аждодларимизнинг муносиб вориси”, "Ёш ҳуқуқшунос” йўналишлари бўйича ўз иқтидорларини намоён этдилар.

Иштирокчилар орасидан ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар сараланиб, ташкилотчилар томонидан уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар берилди.

Тўлқин Сиддиқов.