“Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз

Бу ҳақда айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.

Йиғилишда ҳамма ҳокимлар ҳам қурилишнинг иқтисодиётимиз учун, аҳоли фаровонлиги учун қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.

- Ўтган йили уй-жой қурилишида Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Самарқандда ишлар яхши ташкил қилинди, - деди Президент. - Лекин “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз. Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда эса инфратузилма ва қурувчилар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоразмда 98 та, Бухорода 65 та, Жиззахда 19 та, Навоийда 12 та аукционда сотиб олинган ерда қурилиш бошланмаган.

Баъзи хонадонлар аҳоли ва инфратузилмадан узоқ, талаб бўлмаган жойда қурилгани учун бир йилдан бери сотилмаяпти.

Йиғилишда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди. Энди “Янги Ўзбекистон” массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади.

Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.

Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.

Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.