Тўқсон ёшли Толли ота томорқасида тотли мевалар етиштиряпти

Каттақўрғонлик 86 ёшли Толли ота Боборажабов томорқасидаги 13 туп анжирдан бу йил 1 тоннага яқин ҳосил олди. У етиштирган анорларнинг икки донаси 1 килограммдан зиёд тош босяпти.

Пенсияга чиққанимдан бери ҳовлимдаги 24 сотих томорқада меҳнат қиламан, - дейди отахон. – Ёшим 90 га яқинлашган бўлса-да кетмонимни фарзандларимга берганим йўқ. 13 туп анжир, 17 туп анорни кузда кўмиб, баҳорда очаман. Шунингдек, томорқамда олма, ўрик, беҳи каби мевали дарахтларни парваришлайман, рўзғорга керакли сабзавот маҳсулотларини етиштираман. Аввалига фарзандларим томорқада ишлашимни хоҳламади. Уларнинг ҳам раъйига қарадим. Жисмоний меҳнат билан шуғулланмаган пайтларимда иммунитетим пасайиб, тез-тез шамоллаб қоладиган бўлдим. Кейин ўғилларим ҳам ҳовлида ишлаб туришимга қарши бўлмади. Томорқада меҳнат қилиш саломатликни мустаҳкамлашини уларга исботлаб бердим.

Отахон томорқада бир қарич бўш жой қолдирмайди. Ҳовлиси яшилликка бурканиб, яшнаб турса завқланади.
- 85 ёшимгача югуриш, турник тортилиш, гимнастика машғулотлари билан шуғулланиб келдим, - дейди отахон. – Кейинги 2 йилда кексалик аломатлари сезилгач, жисмоний тарбия билан шуғулланиш бироз оғирлик қилди. Аммо томорқада меҳнат қилишни канда қилганим йўқ. Асосий мақсадим томорқадан мўмай даромад топиш эмас. Кетмон чопсам танам яшаради, меҳнатимнинг самарасини кўрсам дилим яйрайди.
Айни кунларда Толли отанинг меҳнати самара бериб турибди. Томорқасида пишиб етилган узум, анжир, анор, нок, беҳи каби тотли мевалар, аввало, ўз хонадони ва яқинларининг дастурхонини, қолаверса бозор расталарини безаяпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.