Типратикан

Григорий Горин

(ҳикоя)

Ота қирқ ёшларда, Славик ўн ёшда, типратикан эса ундан ҳам ёш эди. Славик хурсандчилик билан шапкасига солган типратиканни олиб келди ва курсида очиқ газета билан ўтирган дадасини олдига югуриб бориб айтди:

- Дада, қаранг!

Отаси газетани қўйиб типратиканни кўздан кечира бошлади. У ўғлининг ҳайвонларга бўлган муносабатини рағбатлантирганча қаради:

- Буни қаердан олдинг?

- Кўчада бир бола менга берди, - деди Славик.

- Ҳадя қилди демак? - сўради отаси.

- Йўқ, биз алмашдик, - деди Славик. – У менга типратиканни, мен унга чиптани бердим.

- Қанақа чипта экан?

- Лотерея, - дея Славик типратиканни полга қўйиб юборди. – Дада унга сут бериш керак.

- Шошма, - деди ота қаттиқўллик билан. – Лотерея дейсанми? Уни қаердан олдинг?

- Сотиб олгандим, - деди Славик.

- Кимдан?

- Кўчадаги бир амакидан… Унда кўп чипта бор эди. Ўттиз тийиндан. Дадажон,  қаранг у диван остига кириб кетяпти…

- Қўйиб турсангчи типратиканингни! – асабийлашди ота ва Славикни ёнига ўтқазиб олди. – Қандай қилиб у болага ўз чиптангни бердинг? Агар унга бирор бир ютуқ чиққан бўлса-чи?

- Ютуқ чиқди,  деди бола типратиканни кузатишда тўхтамасдан.

- Қанақасига ютуқ чиқди? Жимгина сўради бурни терли мунчоқлар билан қопланган ота. – У нима ютди?

- Совутгич! – деди Славик жилмайиб.

- Нима? – ота ғалати тарзда титраб кетди. – Совутгич!? Нима дединг?... Буни қаердан биласан?

- Газетада текширдим. – Биринчи учта рақам бир-бирига тўғри келди… қолганлари ҳам… Серияси ҳам бир хил! Мен қандай текширишни биламан, ахир, мен каттаманку!

- Каттаман дегин?! – пишиллади ота. Диван остидан чиққан типратикан қўрқувдан тўпга ўралди. – Каттаман?! – Совутгични типратиканга алмаштирдингми?

- Ҳа, ўйлаб кўрсам, - деди Славик қўрқиб, - бизда совутгич бор, лекин типратиканимиз йўқ-ку…

- Жим бўл! – қичқирди ота ва курсидан сакраб тушди. – Ким у? У бола ким? У ҳозир қаерда?

- У қўшни уйда туради, - деди Славик ва йиғлай бошлади. – Исми Саша.

- Қани кетдик! – яна бақирди ота ва яланғоч қўллари билан типратиканни ушлаб олди. – Тез юр!

- Бормайман, - деди Славик йиғлашда давом этиб, – менга совутгич керак эмас, типратикан керак!

- Юрсангчи, галварс, - хириллади ота, – дарҳол чиптани қайтариб олиш лозим. Мен сенга юзта типратикан олиб бераман…         

- Йўқ… ўкириб йиғлади Славик, – олиб бермайсиз... Саша шундайга ҳам алмаштирмоқчи эмас эди, мен уни зўрға кўндиргандим ахир…

- Кўринишидан Саша чуқур фикрлай олар экан! – деди ота киноя билан. Тез юр!

Саккиз ёшлардаги Саша кўчанинг ўртасида турар ва қўрқув билан бир қўлида Славик, иккинчисида типратикан ушлаб келаётган важоҳатли отага қарарди.

- Қани? – сўради ота Сашага қараб. – Чипта қани? Жиноятчи, типратиканингни олиб, чиптани қайтариб бер!

- Менда чипта йўқ! – деди Саша ва  титраб кетди.

- Қаерда у? Сотиб юбордингми,  чайқовчи?!

- Мен ундан каптарча ясадим, пичирлади Саша ва ҳиқиллаб йиғлай бошлади.

- Йиғлама! – деди ота хотиржам туришга ҳаракат қилиб. - Йиғлама болакай… Демак, сен ундан каптар ясадинг. У қаерда? Каптарчанг қаерда?

- У карнизга илиниб қолди?

- Қайси карнизга?

- Ҳув анави,  Саша иккинчи қаватга ишора қилди.

Ота пальтосини ечиб, тарновдан ўрмалаб, тепага қараб чиқа бошлади.

Пастдаги болалар уни завқ билан томоша қиларди. У икки марта узилиб тушгудай бўлди, бироқ карнизгача судралиб борди ва сувдан бироз ҳўл бўлган сариқ қоғоздан ясалган каптарчани узиб олди.

Ерга тушиб, оғир нафас олаётган ота чиптани очди ва у икки йил олдин чиқарилганига кўзи тушди.

- Уни қачон сотиб олгандинг? – сўради у Славикдан.

- Иккинчи синфда ўқиб юрган пайтимда, - деди Славик.

- Қачон текширдинг?

- Кеча.

- Ахир бу бошқа тиражку… - деди ота мўрт бўлиб.

- Нима қипти? – деди Славик. - Ҳамма рақамлари тўғри келяптику…

Ота жимгина четга чиқиб, тахта скамейкага ўтирди. Кўкрагида юраги қаттиқ урар, кўзлари олдида тўқ сариқ доиралар сузиб юрарди. Оғир бошини қуйи туширди.

- Дада, - деди Славик, оҳиста унинг ёнига бориб. – Хавотир олманг! Саша  ҳали ҳам типратиканни бизга бермоқчи.

- Раҳмат! – деди ота. Раҳмат сенга Сашка…

Энди совутгични типрактиканга алмаштирадиган ўша бахтли замонга ҳеч қачон қайтмаслигини тушунган ота ўрнидан туриб, хўрсинганча уйи томон қараб кетди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.