“Яроқлилик муддати - абадий”: Ҳеч қачон айнимайдиган маҳсулотлар

Қазишмалар давомида археологлар томонидан бир неча маротаба топилган хумчалар ёки бошқа идишлардаги асал минг йиллар давомида сақланганлигига қарамай, истеъмол қилиш учун яроқли бўлиб чиқди.

Дунёда асаларилар маҳсулидан ташқари, сақлаш муддати деярли абадий бўлган бошқа маҳсулотлар ҳам бор.

Асал

 Мутахассисларнинг фикрига кўра, агар асалга бошқа бир ингредиент, хусусан, сув қўшмасдан асл ҳолида қолдирилса, маҳсулот абадий сақланиши мумкин. Гап шундаки, асал атроф-муҳитдан намликни ютиш қобилияти - гигроскопиклик деб аталадиган ғайриоддий хусусиятга эга. Аслида бошқа озиқ-овқатлар ҳам айнан намлик туфайли бузилади.

- Маълум бир маҳсулотнинг бузилишига олиб келадиган чириш ва шунга ўхшаш жараёнларда иштирок этадиган бактериялар ва бошқа микроорганизмлар асал муҳитида омон қолмайди, - дейди Калифорния университети Асал ва чанглатиш маркази тадқиқотчиси Амина Харрис. - Шунингдек, асалнинг юқори кислоталиги организмларнинг узоқ яшашига йўл бермайди.

Гуруч

 

Узоқ йиллар давомида истеъмол қилинадиган бўлиб қолиши учун гуручнинг жигарранг эмас, балки оқ силлиқ доналарини сотиб олиш лозим. Жигарранг гуручнинг қобиғида жуда кўп намлик бор, шу сабабли уни олти ойдан ортиқ сақламаслик керак. Оқ гуручни эса 30 йил давомида истеъмол қилиш мумкин.

Юта университети мутахассислари шундай хулосага келишди. Шу олимлар, агар гуруч кислородсиз тахминан 4,5 даража ҳароратда ёпиқ қопқоқли идишларда сақланса, маҳсулот ўнлаб йиллар давомида истеъмолга яроқли бўлиб қолиши мумкинлигини аниқладилар.

Туз ва шакар

 

Ушбу икки маҳсулот ҳам вақтдан қўрқмайди. Албатта, айниган туз ёки шакарни тасаввур ҳам қилиш қийин. Нам муҳит туфайли бактериялар ва микроорганизмларнинг кўпая олишини ҳисобга оладиган бўлсак, туз ва шакарнинг битта умумий душмани бор – бу ҳам бўлса намлик.

Лекин бу маҳсулотлар тегишлича сақланса, кўп йиллар давомида истеъмолга яроқли бўлиб қолади. Бундан ташқари, туз осонгина намликни ўзлаштириб, шунчаки тошга айланади ва хоҳлаган пайтда бўлакланиб, истеъмол қилиниши мумкин.

Сирка

 

Сирка сайёрадаги энг қадимий моддалардан биридир. «Eat By Date» нашрига кўра, оқ сирканинг яроқлилик муддати ҳеч қачон тугамайди. Шу боис, унинг консерваларда ишлатилиши ҳам бежиз эмас. Бир шиша сиркани захира сифатида олиб қўйишга қарор қилган киши, уни герметик ёпилишини бузмасдан, моддани ёруғлик ва иссиқликдан узоқроқ, қоронғу, салқин жойда жойлаштириши кифоя.

Ловия

 

Америка Бригама Янг хусусий университети ходимлари оддий қуритилган ловия ҳам абадий маҳсулот сифатида таснифланиши мумкинлигини аниқладилар. Кўп йиллик изланишлар натижасида дуккакли маҳсулотнинг ҳатто 30 йилдан кейин ҳам айнимаслиги ва уни зарарсиз истеъмол қилиш мумкинлиги аниқланди.

Чинор сиропи

 

Массачусетс штатидаги чинор (заранг) сиропи уюшмаси аъзоларининг фикрига кўра, АҚШда жуда машҳур шарбат ўзининг асл қиёфасини абадий сақлаб қолиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, сирка идиши каби сироп шишасини қаттиқ ёпиш тавсия этилади. Бунга қўшимча равишда, сиропни совуткичда ёки ундан ҳам яхшироқ музлатгичда сақлаш мақсадга мувофиқ. У ҳеч қачон музга айланмайди ва уни исталган вақтда очиб, эритмасдан истеъмол қилиш мумкин.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.