«Биргина эътибор жамиятда ўз ўрнимизни топишда ёрдам бермоқда»
Самарқан давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори Худойназар Юнусов Самарқанд шаҳридаги Оқсарой, Темирйўлчилар, Қўрғонча, Боғистон ва Бирлик маҳаллаларида яшовчи ёшлар билан учрашди.
Учрашувда ректор ёшларнинг турмуш тарзи, орзу-ҳавас ва келгусидаги режалари билан қизиқди. Уларнинг муаммоларини тинглаб, тавсияларини берди. Ўз навбатида ёшлар билан манзилли ишлаш, муаммоларини ҳал этиш ва кўмаклашиш борасида чора-тадбирлар белгиланди.
- Ректор билан иккинчи бор учрашишим, - дейди Бирлик маҳалласида яшовчи Шербек Ибрагимов. – Устачилик билан шуғулланаман, қўлимдан ҳамма иш келади. Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур, дейишади. Ректор ана шуларни ҳисобга олиб устачилик асбобини совға қилди. Бундай эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди.
- Бу каби учрашув ва суҳбатлар биз, ёшларнинг жамиятда ўз ўрнимизни топишимизда ёрдам бермоқда, - дейди Георгий Абалов. – Мен ҳам устачилик билан шуғулланаман. Керакли ускуналарим бўлмаганлиги боис анча қийналдим. Энди эса ҳаммаси ўзгарди. Менга янги «Болгарка» устачилик анжомларини олиб берган университет ректорига катта раҳмат.
Шунингдек, бир гуруҳ ёшлар университетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилди.
Рустам Ҳайитов.