Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда “CRIC-21” боғи барпо қилинди

Бугун бошланган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21) доирасида Самарқанд тумани Оҳалик маҳалласида “CRIC-21 GREEN PARK” “CRIC-21 яшил боғи” барпо қилинди.

Сессиянинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йилдан буён мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётгани, унинг доирасида юртимиз бўйлаб дарахт кўчатлари ўтқазилаётганини таъкидлади. Айни пайтда мазкур лойиҳа асосида кузги дарахт кўчатлари экиш мавсум давом этаётгани ва бугун Самарқандда “CRIC-21” боғи яратилишини маълум қилиб, иштирокчиларни бу тадбирга таклиф қилганди.

Янги боғда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича Конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиав ҳамда хорижий делегациялар вакиллари янги боғда кўчат ўтқаздилар.

Уч гектар майдонда ташкил этилаётган “CRIC-21” боғида 1200 тупдан ортиқ садақайрағоч, япон сафораси, каталпа, шумтол сингари ўн турга яқин дарахт кўчатлари экилди. Муҳими, бу кўчатларни суғориш тизими яратилган.

Юртимизда “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида шу пайтгача уй-жой массивларида 1 минг 200 гектардан ортиқ боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди. Жорий йил 25 октябрдан 1 декабргача давом этадиган кузги дарахт кўчатлари экиш мавсумида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Хусусан, ўрмон хўжаликларида 5 миллион туп кўчат экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида “яшил белбоғ” яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллионта кўчат ўтқазиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда “яшил қоплама”лар барпо этиш кўзда тутилган.