“Яшил макон”: Самарқандда 62 нафар мансабдор эътиборсизлиги учун жаримага тортилган
Вилоят экология бошқармаси хабарига кўра, эътиборсизлиги оқибатида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахтларга зиён етказгани учун 62 нафар мансабдорлар 221 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.
Бу бошқарма ва унинг шаҳар-туманлар инспекциялари давлат инспекторлари томонидан жорий йилнинг июнь-июль ойларида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парвариш қилиш ишлари амалга оширилиши бўйича олиб борилган назорат тадбирларида аниқланган.
Шу боис, ўзларига тегишли бўлган ҳудудларда экилган кўчатларни парваришлаш чораларини кўрмаган 62 нафар мансабдорларга нисбатан жами 221 млн. сўм маъмурий жарималар қўлланилган.
“Эслатиб ўтамиз, юридик шахсларга тегишли бўлган ёки ўзларига бириктирилган ҳудудларда дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддаси 3-қисмига асосан мансабдор шахсларга БҲМнинг ўн баробаридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дейилади бошқарма хабарида.