Самарқандда 10 миллион тупдан ортиқ кўчат экилади

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни сифатли йўлга қўйиш, кўчатларнинг оптимал муддатларда, қулай ҳудудларга экилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши томонидан тарғибот тадбирлари бошланди.

Баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоят бўйича 10 миллион 208 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Кўчатларни об-ҳавонинг қулай муддатларида, оптимал даврда экиш, тупроқ унумдорлигига эътибор қаратиш, уларни парваришлаш тизимини барпо этилишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда бошланган тарғибот тадбирларида Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотлари қошидаги фаоллар, депутатлар, қишлоқ хўжалиги ходимларидан иборат тарғиботчилар гуруҳлари шакллантирилган бўлиб, жойларда жамоатчилик вакиллари, деҳқон, фермер хўжаликлари раислари, кўчат етиштириш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Самарқанд туманда ташкил этилди. Тадбир давомида академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий–тадқиқот институти Самарқанд филиалида етиштирилган 250 минг тупдан ортиқ мевали, 200 минг тупдан зиёд узум кўчатларининг сифати, навлари мутаҳассислар томонидан кўздан кечирилди.

Абдували Худоёров.