Энди етиштирилаётган кўчатлар сертификацияланади

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясида ташкил этилган пресс-турда маълумот берилди.

Дастлаб мутахассислар кўчат экиш қоидалари ва станцияда тайёрланётган ток ва мевали кўчатлар ҳақида тўхталди.

- Сифатли мевали ва ток кўчатлари етиштириш учун даставвал пайвандтаг тўғри танланиши лозим, - дейди илмий тажриба станцияси бош ҳосилоти Жамшид Расулов. – Айниқса, уй шароитида кўчат етиштириш учун тупроқ, иқлим шароити, тупроқнинг шўрлиги ҳамда гипс даражаси муҳим аҳамият касб этади. Станцияда ана шуларни ҳисобга олган ҳолда хориждан келтирилган мевали ва ток кўчатларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштирдик. Кейинги беш йилда марказ илмий ходимлари томонидан узумнинг учта - "Малика", "Мотуридий", "Сагдиана", нокнинг "Фаризий", "Азамат" навлари яратилди.

Жорий йил станциямиз томонидан 234 минг дона ток, 171 мингдан зиёд мевали кўчатлар етиштирилиб, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фуқароларга етказиб берилди. Шунингдек, келгуси йил баҳор ойларида ҳам шунча ток ва мевали кўчатлар тайёрлаш режалаштирилган.

Пресс-тур давомида мутахассислар кўчатларни сертификациялаш ва реализация қилиш хусусида алоҳида тўхталди.

- Амалдаги нормативларга кўра, республикамизда кўчатчилик билан шуғулланувчи илмий тадқиқот институтлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган кўчатлар сертификат билан таъминланиши лозим, - дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси кўчатлар мева-сабзавот ва полиз, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлим бошлиғи Ҳайдар Маҳмудов. - Акс ҳолда кўчатлар реализация қилинмайди. Бунинг учун кўчатларни тегишли тартибда апробация кўригидан ўтказиш ҳамда маҳсус далолатнома олиш талаб этилади. Юқоридаги тартиблар амалга оширилгандан сўнг, Агросаноат мажмуига хизматлар кўрсатиш давлат унитар корхонасининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан сертификат берилади ва кўчатларни сотишга рухсат этилади.

Фазлиддин Рўзибоев.