Ўзбекистонда 1 миллион дона дарахт кўчати ўтқазилади
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан амалга оширилаётган #BirMillionDaraxt акциясига Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудида старт берилади. Нукус шаҳри эстафетани кейинги ҳудудларга тақдим этади.
Биринчи дарахт партияси — 100 дона арча кўчатлари 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳудудида ўтқазилади. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаоллари ташаббуси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланди.
Сананинг ўзи ҳам муҳим. Чунки 24 октябрь — Бирлашган Миллатлар ташкилоти ташкил топган кун. Бу жамоатчилик эътиборини яна бир бор экологик муаммоларга қаратиш, яшаш учун қулай шароитлар яратиш, аҳолини ташвишга солаётган масалалар бўйича маълумот бериш, глобал муаммоларни ҳал қилиш учун аҳоли, сиёсий ирода ва ресурсларни жалб қилишга сабаб бўлади.
Жадвал бўйича кейинги ҳудудлар — Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари. Ушбу вилоятларда кўчатлар асосан сув таъминоти чекланган жойларда экилади. Шу муносабат билан мураккаб иқлим шароитларига чидамли дарахт турлари танланади.