Давлат раҳбарлари «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат экди
Регистон майдонида Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар Давлат Раҳбарлари иштирокида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
- Кўҳна Турон гавҳари, Туркий цивилизация пойтахти бўлмиш азим Самарқанд шаҳрида сизларни яна бир бор қутлашдан мамнунман, - деди Президентимиз. - Бугун биз Туркий давлатлар ташкилотининг илк тарихий саммитини ўтказдик, муҳим қарорлар қабул қилдик. Туркий дунё цивилизациясининг янги даврини бошлаб берадиган Самарқанд декларациясини имзоладик.
Айни вақтда не-не тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган муҳташам Регистон майдонида туриб, туркий дунё цивилизациясининг янги босқичига рамзий маънода қадам қўймоқдамиз. Улуғ аждодларимизга хос бўлган азалий анъаналарни давом эттирган ҳолда, яна бир хайрли ташаббусни бошламоқдамиз.
Маълумки, Ташкилотимизга аъзо ва кузатувчи барча давлатлар бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлган экология масалаларига биринчи даражали аҳамият бериб, бу муҳим вазифага она табиатни асраш ва барқарор тараққиётнинг кафолати сифатида қарамоқда. Хусусан, Ўзбекистонда “Яшил макон” дастури изчил амалга оширилмоқда.
Туркманистонда барча вилоятлар ва пойтахт Ашхободни яшил ҳудудга айлантиришга қаратилган узоқ муддатли Миллий ўрмон дастури самарали ишлаяпти. Қардош Туркияда эса ҳар йили 11 ноябрь – Миллий кўчат экиш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Озарбайжонда кўп йиллардан буён “Яшил марафон” дастури асосида кўчат экиш ташаббуслари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Қозоғистонда барча ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича беш йиллик умуммиллий дастур бажарилмоқда. Қирғиз Республикасида 2022 йил “Тоғ экотизими ва иқлим барқарорлиги йили”, деб эълон қилинди ҳамда унинг доирасида “Яшил мерос” миллий кампанияси фаол давом эттирилмоқда.
Венгрия Ҳукуматининг шаҳарларни қўшимча кўкаламзорлаштириш бўйича олиб бораётган йирик дастурини чин дилдан олқишлаймиз. Бу ишларнинг барчаси туркий халқлар умумий тараққиёти ва фаровонлиги сари муштарак интилишларимизнинг яққол тимсоли, десак, муболаға бўлмайди.
Биз бугун туркий дунё ҳурматли етакчиларининг ушбу табаррук заминга ўз қўллари билан кўчат экаётганларини юксак қадрлаймиз. Зеро, бу ниҳоллар – ҳаёт дарахтлари, дўстлик ва ўзаро ишонч, маънавият ва келажак боғлари бўлиб қад ростлайди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида уюштирилган кўчат экиш тадбирлари онлайн мониторда намойиш этилди.