Ўтган йили 6,2 миллион туп кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, аммо экилмаган

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибиятлари мудирлари иштирокида ўтказган мажлисда “Яшил макон” акцияси доирасида шу йил баҳорда дарахт экишда йўл қўйилган кўзбўямачиликларни таъкидлади.

Экологик барқарорликка етказилаётган зарар, кўкаламзорлаштириш, ўсимлик дунёсини асраш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш, яшил майдонларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар маҳаллий Кенгашлар ва кенг жамоатчиликнинг назоратида, - деди Т.Норбоева. - Шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида фармон қабул қилиниб, унга кўра, дарахтларни кесиш бўйича мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириладиган маблағ миқдори икки бараварга оширилди.

Шундай бўлса-да, айрим ҳудудларда ишлар сифатли бажарилмай келмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий акцияси доирасида шу йил баҳорда дарахт кўчатларини экиш ишларида камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган. Ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн. туп кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 3,4 млн. туп кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган. 2,4 млн. туп кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли қуриб, нобуд бўлган. Ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг туп кўчат яроқсиз ерларга экилган.

Айни кунларда Президент ташаббуси билан кўчат экиш бўйича "Долзарб 40 кунлик" ишлар давом этмоқда. Умид қиламизки, ижрочилар бошқа бундай кўзбўямачиликларга йўл қўйишмайди.