Уч йилда 50 миллион туп кўчат экилган(ми?)

Бир гектар майдондаги дарахт бир кеча-кундузда 220-275 килограмгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади.

Энг кўп кислородни қайрағоч (гектарига 6-7 тонна) ва арчалар (гектарига 4,8-5,9 тонна) ишлаб чиқаради. Бир йилда ўрта ёшли (60 йиллик) ўрмон ўртача 14,4 тонна карбонат ангидрид газини ютиб, 10,9 тонна кислород ишлаб чиқаради. 1 гектар экинзор бир соатда 200 нафар инсон чиқарган карбонат ангидрид газини ютади. Бир  кишининг йиллик кислородга бўлган эҳтиёжини 0,1-0,3 гектар ўрмон қоплай олади. Битта катта дарахт бир кишига етарли кислород ажратиб беради.

Дарахтлар - кислород манбаимиз

Дарахтлар фақатгина кислород манбаи эмас. Дарахт ва буталар шовқинни ютиб, ҳаводаги чангни ҳам ушлаб қолади. Барги йирик, баргининг юзаси тукли бўлган дарахтлар бошқаларига нисбатан 6 мартагача кўпроқ чангни ушлаб қола олади. Шунингдек, ердан 1,5 метр баландликда қалин баргларга эга дарахтлар анча баландда шохлайдиган (8 метр) дарахтларга нисбатан 8 баробар кўпроқ чангни ушлаб қолади. Шунингдек, дарахтлар фитонцидлар ишлаб чиқариб, улар бактерияларга қарши таъсир қилади.

Шу боис кўчат экиш, яшил ҳудудларни кўпайтиришнинг аҳамияти беқиёс. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтганимиздек, дарахтлар жазирама иссиқни 8-10 даражагача пасайтирар экан. Қолаверса, дарахтлар ер ости сувларининг сатҳи пасайиб кетишининг олдини олади. Ҳар бир дарахт, айниқса, тоғдаги арчалар ер остида 3-4 тонна сув сақлайди ва уларнинг кесилиши булоқларнинг қуришига сабаб бўлади. Лекин қанчалар аянчли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида олдиндан хулосалар берилган бўлсада, кўчат экишни ҳисобот учун ўтказаётган масъуллар ва мораторийга ҳам қарамасдан, дарахтларни кесаётганлар учраб турибди.

50 миллион туп кўчат қани?

2021 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз бўйлаб 200 миллион туп кўчат экиш ва яшил ҳудудларни 8 фоиздан 30 фоизга етказиш ражалаштирилганди. Вилоятимизда эса ўша йилда лойиҳа доирасида 16 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. 2022 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизда 16 миллион 388 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳар бир шаҳар ва туманда 84 гектар майдонда «Яшил боғлар» ташкил этилган. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Раббимов журналистлар билан учрашувда вилоятда кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 50 километрдан зиёд суғориш тармоқлари қазилиши ва 30 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланишини билдирганди. Шунингдек, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига 6,95 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўкаламзорлаштириш ишларида фойдаланиладиган 8 та махсус техника харид қилинишини айтганди. Режа ижросига кўра, ҳозир вилоятимиздаги 18 фоизли кўкаламзорлаштириш даражаси яқин орада 30 фоизга етказилади. Жорий йил баҳор ва куз фаслида эса 17 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган ва бу ишларнинг катта қисми бажарилди.  

Энди ҳисоблаб кўрсак. Уч йил давомида биргина вилоятимиз бўйича қарийб 50 миллион туп кўчат экилган. Масъулнинг фикрларидан келиб чиқадиган бўлсак, суғориш тизимида ҳам муаммо бўлмаслиги керак. Лекин асосан йўл бўйи, дала четларига экилаётган 50 миллион туп кўчат қани? Яна бир муҳим жиҳат, вилоятда шу соҳага ихтисослашган бир нечта ташкилот, олимлар меҳнат қилади. Бир неча йил давомида улардан бирортаси қайси туманга қандай турдаги мевали ёки манзарали кўчат мос келиши тўғрисида маълумот бердими? Янгилик сифатида хориждан валюта ҳисобига келтирилаётган кўчатларнинг аксарияти иқлимга мос келмаганлиги учун қуриб қоляпти. Уларни маҳаллий шароитга мослаштириш борасида ҳам бирор маълумот топилмайди. Вилоят туманларининг иқлим шароити бир-биридан фарқ қилади. Бир ҳудудда лалми майдонда, бошқасида сувсизликка ва шамолга чидамли кўчатлар экиш лозим. Бизда бўлса барчасига бирдек каталпа, лола дарахти, павловния, арча, Қрим қарағайи, Япон сафораси каби дарахт кўчатлари экилмоқда. Улар қаторига иқлим шароитимизга мос кўп йиллар давомида яхши ўсадиган чинор, эман, каштан, шумтол, заранг, тут каби дарахт ниҳоллари кўпроқ экиш фойдали эмасми?

 

Кўчат экиш боболардан мерос

Аслида кўчат экиш ота-боболармиздан қолган анъана. Қайси уйда чақалоқ туғилса, яхши кун, тўй-томоша бўлса, кўчат экилади. Янги туғилган чақалоқ шарафига экилган тераклар келажакда уй қуришга ишлатилса, ёнғоқ ва тут дарахтлари меваси, соясида болалар ўйнаши ва асосийси, кўп миқдорда кислород чиқариши учун экилган. Боболаримиз кўчат экишда ерни 40-60 сантиметргача ковлаб, чуқурга бир-икки ҳовучдан арпа ва буғдой ташлаб, кейин кўчат экишган. Чунки арпа ва буғдой таркибида фосфор бўлиб, кўчатнинг томир отиб, кўкариб кетишига ёрдам беради. Кейин кўчатни ниҳоллар уйқуга кетиш олдидан асосан куз фаслида ёки эрта баҳорда экишган. Чунки кузда экилган ниҳол қиш мавсумида ерга тез мослашиши, илдизнинг қулай ўрнашуви туфайли баҳорга бориб, бир йил аввалги кўчатлар қаторига етиб олиб, тез ўсади. Шу боис кузда экилган кўчатда сувсизликдан қуриб қолиш, томирларнинг шикастланиши каби муаммолар кам учрайди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг айнан 25 октябрдан 1 декабргача ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Чунки шу муддатдан бошлаб айрим турдаги дарахтлар уйқуга кетиш фазасига ўтади, декабрда ернинг юзаси музлаши эҳтимоли туфайли кўчат экиш самарасиз бўлади. Аммо айрим ҳудудларда тезкор ҳисобот учун барги яшнаб турган ниҳоллар ҳам кўчат экиш қоидаларига риоя қилинмасдан экилди. Бу эса кўчатнинг кўкариши аҳамиятсиз, экилиши муҳимлигини англатмаяптими?

Дарахтлар рўйхатини тузиш йиллар давомида тугамаяпти

Яна бир муҳим жиҳат, экилган кўчатларнинг парвариши назоратга олинмагани бўлмоқда. Нафақат янги экилган кўчатлар, балки кўп йиллик дарахтлар, 100 ёшдан ошган ноёб дарахтлар борасида ҳам шундай дейиш мумкин. Соҳа масъуллари барча турдаги дарахтлар, айниқса, 100 ёшдан ошган дарахтларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилаётганлигини айтганига ҳам бир неча йил бўлса-да, ҳамон бу жараён тугаллангани йўқ. Масалан, Нью-Йоркда ҳар бир дарахт учун персонал карточка тайёрланар экан ва у орқали дарахт тўла назорат қилинаркан. Дарахтларнинг барчаси харитага киритилган ва улар Нью-Йорк бюджетидан йилига 11 миллион доллар тежайди. Паркларни ҳисобга олмаганда шаҳарда 700 мингдан ортиқ дарахтнинг ўз рақами ва интернетда саҳифаси бор экан.

Афсуски, бизда ҳамон дарахтлар, умуман, табиатга муносабат ёмонлигича қолмоқда. Минтақада кузатилаётган экологик ўзгаришлар ҳам аслида экологияга эътиборсизликнинг меваси ҳисобланади.

Дарахтлар камайса, экологик фалокат бўладими?

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг маълумотларига кўра, бир йилда кесилган ўрмонларнинг 40 фоизи ёқилғи учун, 40 фоизи қурилиш учун, 12-15 фоизи қоғоз саноати учун, 3-5 фоизи шахталар учун, қолган 3-4 фоизи бошқа турли соҳалар учун ишлатилмоқда. Дарахтларнинг кесилиши оқибатида тупроқнинг сув ва шамол эрозияси тезлашади. Дарё ва кўлларнинг сув сатҳи кескин камайиб, булоқларнинг «кўз»и юмилади. Ўрмонлар камайса, табиатда азот баланси бузилади, ҳавода кислород камаяди, озон қатлами муаммоси катталашади. Инсониятда янгидан-янги касаллик турлари пайдо бўлади. Бу инсониятнинг биргина кўчат экишга юзаки ёндашгани, ўрмонлар ва дарахтзорларни кесиши оқибатида келиб чиқади. Шу боис ҳам дунёнинг аксарият давлатларида дарахтлар қонун билан ҳимояланган ва уларни асраш учун махсус ташкилот, жамғармалар ташкил этилган. Лекин бизда йилига нечта кўчат экилади, қанчаси парваришсиз қурийди, кесилган дарахтлар кўпроқ нимага ишлатилаётгани тўғрисида маълумотлар йўқ. Юқорида айтилган муаммоларнинг аксарияти билан юзлашяпмиз, бундан ёмон ҳолат кучаймаслиги учун кўчат экишни кўпайтиришимиз лозим. Кўчат экишни расмиятчиликдан анъанага айлантириб, келажак авлод учун ҳам ҳозирдан яшил қалқон яратиш бизнинг вазифамиз.

Ўктам Худойбeрдиев.