1 мартдан 28 та фаолият тури махсус электрон тизим орқали лицензияланади

Ҳукумат қарори билан Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом тасдиқланди.

Низомга кўра, лицензия олиш талаб қилинадиган 28 та фаолият (жумладан, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асраш, туризм фаолияти, Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш ва бошқа фаолиятлар) “Лицензия” ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали лицензияланади.

Талабгор лицензия олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.

Аризалар “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Аризага киритилган маълумотлар “Лицензия” АТ орқали идоралараро ҳамкорлик тизимларида мавжуд маълумотлар асосида дастлабки тарзда автоматик равишда таққосланади ва текширилади.

Йиғим тўланганидан сўнг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали автоматик тарзда лицензияловчи органга юборилади.

Лицензияловчи орган лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни “Лицензия” АТ орқали қабул қилади.

Қарор “Лицензия” АТ орқали реал вақт режимида автоматик тарзда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Лицензияловчи орган аризани ўз муддатида кўриб чиқиб талабгорга лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, талабгор бу ҳақида лицензияловчи органни “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилган ҳолда лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

- лицензия берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ тақдим этилмаганлиги;

- талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ эмаслиги;

- талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

- ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асосланган салбий хулоса олинганлиги.

Мазкур қарор 2022 йил 1 мартдан кучга киради.