10 мартдан буён Самарқанд вилоятидаги барча ижтимоий соҳа объектлари дезинфекция қилинмоқда

Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг кўрсатмаларида ушбу офатга қарши курашда жойларда оммавий дезинфекциялаш тадбирларини мунтазам равишда ўтказиш топширилган.

Нафақат коронавирус, балки барча ўткир респираторли юқумли касалликларда очиқ юзаларни кимёвий зарарсизлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шуларни инобатга олиб, март ойининг 10-санасидан бошлаб Самарқанд шаҳридаги аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, автошоҳбекатлар, марказий кўчалар, ижтимоий соҳа объектларида давомли дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, ушбу даврда ўқув муассасаларида жами 2355 маротаба, 1798 та йўловчи ташиш техникаларида, 132 та маъмурий биноларда, 14 та бозор, 54 та йирик савдо масканларида, шунингдек 500 дан ортиқ бошқа объектларда жорий дезинфекциялаш ишлари олиб борилди.

Ушбу тадбирларни сифатли ташкил этиш учун жойларда амалий тактик ўқув-машғулотлари ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларга вилоят ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Марказий ҳарбий округ, ички ишлар бошқармаси, Самарқанд ҳарбий прокуратураси, Миллий гвардия, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станцияси ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг махсус техникалари ва шахсий таркиби жалб этилмоқда.

Самарқанд вилояти ФВБ матбуот хизмати.