10 минг сўмлик меҳр

Ҳафтанинг якшанбаси. Биринчи синфга чиққан Маржона бугун одатдагидан кечроқ уйғонди. Жойидан туришга шайланганди ҳамки нариги хонадан отасининг овози эшитилди.
Одатда Маржона уйқудан турганда отаси ишга кетган, ухлашга ётганда эса у ҳали қайтмаган бўларди. Дам олиш кунлари ҳам аҳвол шу. Маржонанинг юзига табассум югурди. Наҳотки, бугун у дадасини кўради?
Шу ўй билан жажжи қалби қувончга тўлди, “Дадажон” дея югуриб чиқди. Отасини ноутбук устида букилган, бир қўлида телефон тутиб, ким биландир баланд овозда гаплашаётган ҳолатда кўрди. Секин бориб, оёғидан қучди.
Ота жуда банд. У эрта билан машинаси бузилиб, ишга боролмаганидан жиғибийрон. Қизига бир ўқрайиб қаради-да, ишида давом этди. Бу нигоҳ Маржонанинг юзидаги қувонч шуъласини пуфланган шам мисоли ўчирди.
Яна бир илинж. Маржона отасининг телефонда гаплашиб бўлишини кутди. Фурсат етгач, юрак ютиб гап бошлади:
- Дадажон, сизни соғиндим. Мен билан ҳам бироз ўйнанг.
- Кизим халақит берма. Мен сизларнинг яхши яшашингиз учун ишлаяпман. Ҳар бир дақиқам пул туради, - деди.
Маржона таслим бўлмади.
- Дадажон, бир кунда қанча пул топасиз? - Унинг навбатдаги саволи шундай бўлди.
Ота қизининг бу саволига тайёр эмас эди, жавоб бера олмай қолди. Шунда қиз чаққонлик билан ўрнидан туриб, хонасига югуриб кирди ва бувиси берган 10 минг сўм пулни олиб чиқди. Пулни дадасига узатар экан, яна сўради:
- Дадажон, шу пуллар 10 дақиқа вақтингизни сотиб олиш учун етадими? Бирга ўйнар эдик...
Зинура Ражабова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.