100 дан ортиқ ўзбекистонлик болалар Германия клиникаларида даволанади
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилотининг малакали шифокорлари томонидан тиббий кўрик уюштирилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кўрикда, вилоятимиздан ташқари Навоий, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасидан келган таянч-ҳаракат тизимининг туғма ирсий касаллиги, жароҳатлар асоратлари, куйишнинг асоратлари оқибатида жисмоний ҳаракатлари бузилган ҳамда сийдик йўли ва овқат ҳазм қилиш тизимининг туғма нуқсонлари бўлган бемор болалар кўрикдан ўтказилди.
- Ҳар йили Самарқандга келиб оғир аҳволдаги бемор болаларни танлаб, даволаш учун олиб кетамиз, - дейди лойиҳа координатори Кевин Дальбрух. – Уларнинг айримлари тўлиқ тузалиб кетишлари учун бир неча марта жарроҳлик амалиётидан ўтиши зарур. Ҳамкорлигимиз натижасида ҳозиргача 535 нафар ўзбекистонлик болалар Германия клиникаларида даволаниб қайтди.
- 2002 йилдан буён мазкур халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилиб келамиз, - дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими раиси Раҳима Раҳмонова. – Ҳозиргача вилоятимиздан 30 нафар бемор болалар нуфузли клиникаларда даволаш курсларини ўтаб келган. Бу сафар ҳамкорларимиз бешта вилоятдан келган юздан ортиқ болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, юртимизда ўтказиш имкони бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун олиб кетади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.