1080 ўринли марказда жой етмай қолаётгани – МИШ-МИШ

Аҳоли орасида Самарқанд шаҳридаги коронавирусдан даволаниш учун ташкил этилган марказда беморлар кўпайиб, жой етмай қолаёгани ҳақида гап-сўз тарқала бошлади. Zarnews.uz мухбири мазкур марказда бўлиб, у ердаги вазият билан танишди.

Беморлар спорт мажмуасида ташкил этилган 1080 ўринли даволаш ва тақсимлаш марказига олиб келинганида авваламбор ундан зарур бўлган барча таҳлиллар олинади ва аҳволига қараб бўлимга жойлаштирилади.

– Келганимда аҳволим анча оғир эди, нафас олишим қийинлашиб, ўзимни ёмон ҳис қилаётгандим, - дейди А.Багиров. – Ўпкам текширилганда 50 фоиз зарарланиш, деган ташхисни эшитгач, тўғриси, кайфиятим тушиб, аҳволим баттар оғирлашди. Худди энди тузалмайдигандай, тушкун бўлиб қолдим. Врачлар дарҳол керакли муолажаларни амалга оширди. Аммо тушкунлигим сабаб аҳвол ўзгармаётганини айтишди ва бундай ҳолатлар жуда кўп бўлишини, агар руҳий жиҳатдан ўзимни ўнглаб олмасам саломатлигим қийин тикланишини айтишди. Ширин муомала, яхши гаплар билан менинг кайфиятимни кўтаришга интилишди. Ҳақиқатан,  кейин билсам, мен каби бу шифохонага тушганларнинг бир қанчаси даволаниб чиқиб кетган экан. Ҳозир аҳволим анча яхши. Эркин нафас олиш нечоғлик муҳим, қанчалик улуғ неъмат эканлигини ҳис қилиб ўтирибман. Шукур қилишдан чарчамайман, ҳамма ўзини асрасин экан… Кези келганда фарзандинг ҳам сенга қаролмай қолган бир пайтда бу ерда меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимларини бугуннинг қаҳрамонларига қиёсладим.

Айни пайтда марказда 600 нафар бемор даволанмоқда. Шу кунларда юртимизда бўлиб турган россиялик мутахассислардан бир гуруҳи Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожанов, даволаш ва тақсимлаш маркази бош врачи Дилшод Бурхонов ҳамроҳлигида вақтинчалик шифохонада яратилган шароит, беморларни даволаш жараёни танишдилар.

Меҳмонлар бу ерда беморларни қабул қилиш тизими билан танишди. Реанимациядаги оғир беморларни кўрикдан ўтказиб, зарур тавсияларини берди.

- Россиялик шифокорларнинг марказ ҳақидаги фикрлари ижобий, - дейди А.Бобожонов. – Даволаниш жараёнларига кичик ўзгартиришлар киритиб, оғир аҳволдаги беморларни даволаш бўйича ўз тавсияларини айтишди. Марказ қабул бўлими, аутсорсинг хизмати, дорихона, рентген, лаборатория фаолияти, шунингдек, беморларга берилаётган овқатларнинг сифатини юқори баҳоладилар.

Марказнинг бир эшигидан беморлар кириб келаётган бўлса, бошқасидан бу дарддан фориғ бўлиб, осмонга қараб тўйиб-тўйиб нафас олиб чиқаётган кишини учратиш мумкин.