118 нафар қидирувдаги шахс маҳалла ходимлари томонидан ушланган, 869 та жиноят ҳолати улар томонидан фош этилган
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маҳалла фаолиятига оид саволлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, маҳаллаларда профилактика инспектори лавозими бўйича қўшимча 2 573 та штат бирлиги жорий этилиб, барча фуқаролар йиғинларида уларнинг тўлиқ фаолият юритиши таъминланган.
Шунингдек, криминоген вазияти оғир бўлган 2 450 та "қизил" ҳудудга Миллий гвардия ходимлари бириктирилган.
“Ижтимоий профилактика” тизимининг профилактик тадбирлари натижасида 9 216 та маҳалланинг 6 542 тасида (71 фоиз) жиноят содир этилишининг олди олинди, 790 тасида эса жиноятчилик камайишига эришилди.
Зўравонликдан жабр кўрган 11 070 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Жиноятчиликни олдини олиш бўйича 569 615 та объектга видеокузатув камералари ўрнатилиши ташкил этилди.
Маҳалла ходимлари томонидан 118 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 869 та жиноят улар томонидан фош этилди.
2509 нафар шахс реабилитация марказларига, 2 957 нафар қаровсиз вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилди.
Профилактик ҳисобда турган 423 нафар аёлга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қайта тиклашда кўмак берилди.
Низоли оилалардаги муҳитни соғломлаштириш борасидаги ишлар натижасида 3 756 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилиб, 1 330 та оилада ажримларнинг олди олинди.