13-19 ноябрь кунлари Ўзбекистонда «Бағрикенглик ҳафталиги» ўтказилади

16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган мазкур ҳафталикни ўтказишдан мақсад жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.
Ҳафталик доирасида «Ўзбекистон - бағрикенг диёр» шиори остида туркум маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – самарали ҳамкорликнинг муҳим омили» халқаро илмий-амалий конференцияси, турли миллат ёзувчи ва олимлари асарларига бағишланган «Китобхонлик бизни бирлаштиради» китоблар кўргазмаси, «Бағрикенг диёр» фотокўргазмаси, маданият ва санъат усталари иштирокида «Бағрикенглик оҳанглари» каби тадбирлар ўтказилади.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида мавзуга оид кўргазма, иншо ва расмлар танловлари, шеърхонлик кечалари, олий таълим муассасаларида илмий-амалий тадбир ва давра суҳбатлари, истироҳат боғлари ва маданият масканларида концертлар, қардош халқлари ёзувчи-шоирлари ва рассомларининг бадиий кўргазмалари, бадиий ва ҳужжатли филmмлар намойиши ташкил этилади.
«Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ташкил этиладиган барча тадбирлар аҳоли, айниқса, ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.