Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз...

Бобур ғазал, қитъа, туюқ, фард жанрлари қатори рубоийда ҳам баракали ижод қилди. Унинг рубоийларидаги дилни ўртовчи нозик лирик кечинмалар, самимий туйғулар, юрт соғинчи, ҳижрон ўқувчи қалбини ларзага солади.

Бобур рубоийларининг тили содда, халқчил бўлиб, ҳаётдаги воқеа-ҳодисалар одамлар ўртасидаги муносабатларга умумлашмалар бахш этади.

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз.

Ёки

Ёд этмас кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши,
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.

Рубоий Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари адабиётида юксак мавқега эга бўлиб, унинг равнақида Алишер Навоий, Рудакий, Умар Хайём, Жомий каби хассос алломаларнинг ҳиссаси катта бўлган. Бобур эса бу жанрни ўзига хос янги ғоя ва оҳанглар билан бойитди.

Бобурни бурун маҳрами асрор этдинг,
Васлингга бериб йўл, ўзунгга ёр этдинг,
Охир бординг, доғи ани зор этдинг,
Ҳижрон алами била гирифтор этдинг.

Ёки

Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши,
Бу икки иш муяссар ўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.

Бобурнинг бу каби рубоийлари аксариятида шоир шахсияти, кайфияти ва Ватандан олисдаги ҳаётий саргузаштлари узвий боғлиқликда, дард билан яратилганини кўрамиз. Шоирнинг иқтидори шундаки, у шахсий ҳис-туйғулари, кечинмаларини назмий-фалсафий талқин қилиш орқали рубоийларини умуминсоний кечинмалар даражасига кўтарган.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.