16 нафар ёшлар “Ниҳол” мукофотини олмоқчи

Мумтоз қўшиқ йўналишини танлаб, бир нечта танловларда фахрли ўринларни эгалладим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил ёш истеъдодлар учун ўтказилган “Ниҳол” мукофоти танловида иштирок этиб, аввал туман, кейин вилоят босқичида ғолиб бўлганим ҳам шундай ютуқларимдан бири бўлди. Бу натижам орқали ота-онам ва устозларимнинг менга билдирган ишончини оқладим. Танловнинг республика босқичида ҳам иқтидоримни намойиш қилиб, албатта, “Ниҳол” мукофоти ғолиблиги учун ҳаракат қиламан.

Бу Самарқанд шаҳар 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида 17 ёшдан 25 ёшгача йигит-қизлар ўртасида бўлиб ўтган “Ниҳол” мукофотининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган каттақўрғонлик Фарангиз Санақулованинг гаплари. 

Тадбирда 100 нафар ёшлар мумтоз қўшиқ, мусиқа, эстрада, рақс ва опера йўналишлари бўйича истеъдодларини намойиш қилди. Ёшларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати ва малакали мутахассислар томонидан баҳолаб борилди. Ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ёшлар танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Танлов ғолибларини тақдирлаш 24 ноябрь куни Самарқанд давлат университетида ўтказилади.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.